Зиёратчилар тадбиркордан нега норози?

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетидаги тадбирда иштирок этаётганимда қўл телефонимга узлуксиз қўнғироқ бўлаверди. Ноилож ташқарига чиқиб, гаплашдим.
– Ака, мен Нукус шаҳар ободонлаштириш бошқармаси қабристонлар билан ишлаш етакчиси Ансатбой Мустафоев бўламан, – деди қўнғироқ қилган киши. – Нукус шаҳрининг кунчиқар томони “Жанабазар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Сирғали шейит” қабристони йўлини бузаётган юк автомашиналари эгаларини кўпдан буён ушлай олмай юрган эдик. Ҳозир ушбу юк автомашиналарини тўхтатиб турибмиз. Имкони бўлса, фотомухбирингиз билан келиб, вазиятни ўргансангиз яхши бўлар эди.
7.jpg
Илтимосни ерда қолдирмай, қабристонга йўл олдик.
Воқеа жойида икки-учта қум юкланган автомашина, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг давлат инспекторлари, Нукус шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ҳамда “Сирғали шейит” қабристони мутахассисларини учратдик.
12.jpg
– Охирги пайтларда бу ерга олиб келадиган йўл бузилиб, яроқсиз ҳолга келиб қолгани зиёратчиларнинг ўринли норозиликларига сабаб бўлмоқда, – дейди “Сирғали шейит” қабристони назоратчиси Алписбой Уразимбетов. – Ҳар куни, айниқса, пайшанба ва жума кунлари бу ерга кўплаб зиёратчилар келади. Уларнинг орасида ёшлар билан бирга ёши кексалар ҳам бор. Йўлнинг носозлиги уларнинг келиб-кетишида қийинчилик туғдирмоқда. Айниқса, йўлдан қатнайдиган оғир юк автомашиналари кўпайиб кетди. Тегишли ташкилотлар ушбу муаммони ҳал этиб берса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Даставвал масаланинг моҳиятига тушуна олмадик. Мутахассислар билан суҳбатлашар эканмиз, муаммо ойдинлаша бошлади.
1.jpg
– Қабристонга яқин жойда карьер очилиб, у ердан катта юк автомашиналари қум ташиб йўлни бузаётир, – дейди шу ҳудудда яшовчи Жақсибой Утегенов. – Бу билан зиёратчиларга қийинчиликлар туғилмоқда. Тўғри, тадбиркорнинг бу ердан қум олиши учун тегишли жойлардан рухсатномаси бор. Нукус шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ҳамда “Сирғали шейит” қабристони мутахассислари таъкидлашича, тадбиркор ўз фаолиятини бошқа йўл орқали амалга оширса, ҳеч ким эътироз билдирмайди.
Мазкур ҳужжатда қайд этилишича, қабристонлар моддий маданий мерос объектлари жумласига киритилиши мумкин.
Қабристонлар туман, шаҳар давлат ҳокимият органларининг бевосита тасарруфида бўлади, уларга қабристонларни зарур даражада сақлаш ва ободонлаштириш мажбурияти юкланади. Туман, шаҳар ободонлаштириш бошқармалари ва қабристонлар маъмурияти қабристон ҳудудида зарур даражадаги тартибни таъминлаш, бош хиёбон, асосий ва иккинчи даражали йўлларда тўсиқсиз юриш ва ўтиш имкониятини (қордан тозалаш, музни парчалаш, қум сепиш ва шу кабиларни) таъминлаши лозим.
Низомда шунингдек, барпо этилаётган, майдони 20 гектардан 40 гектаргача бўлган комплекс, кўп конфессияли, аралаш ва анъанавий дафн этиладиган қабристонлар учун санитария-ҳимоялаш зонаси 500 метр, майдони 20 гектардан кам бўлган қабристонлар учун 300 метр бўлиши керак, дейилган. Ушбу низомнинг бажарилишини назорат қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар, туманлар ҳокимликлари ва бошқа давлат органлари томонидан уларнинг ваколатлари доирасида амалга оширилади. Унинг талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавоб беради.
Биз сўз юритаётган ҳолатда, тадбиркорнинг каръери билан қабристон ўртасидаги масофа 80 метрни ташкил этади.
Халқимизда “Марҳумни сийлаган бой бўлур”, деган гап бор. Қабристонларни обод қилиш ҳар биримизнинг вазифамиз. Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган имкониятларни қўллаб-қувватлаймиз ҳамда уларнинг фаолиятига аралашиш истагимиз йўқ. Аммо бир тадбиркор мўмай даромад топиши учун аҳоли, жумладан, яқинидан айрилган инсонлар жабр чекмаслиги керак.
Бу масалага мутасаддилар эътибор қаратишлари лозим деб ўйлаймиз.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА