Фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик

Нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) Ўзбекистонда замонавий фуқаролик жамиятини шакллантириш, демократияни қарор топтириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда жуда муҳим бунёдкорлик ролини ўйнайди.
Шундай экан, бу йилги сайловлар жараёнида нафақат сиёсий партиялар ва масъул давлат органларининг вакиллари, балки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ҳам бевосита фаол иштирок этишлари ҳамда жамоатчилик назорати ҳуқуқидан самарали фойдаланишлари учун норматив-ҳуқуқий асослар яратилди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандум доирасида самарали ҳамкорлик қилишга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилади.
Жумладан, Сайлов кодексининг 8-моддасига асосан, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан муносиб номзодлар кузатувчи сифатида иштирок этиши таъминланади.
Участка сайлов комиссияларига сайловчилар рўйхатини аниқлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари яқиндан кўмаклашади. Фуқароларга участка сайлов комиссияси биносида сайловчилар рўйхати билан танишиш, заруратига кўра аниқлаштириш ишларига кўмаклашиш ташкил этилади.
Тегишли сайлов комиссиялари аъзолигига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўзларининг фаол аъзолари орасидан номзодларни тавсия этадилар.
Бундан ташқари, томонлар ўзаро ҳамкорлида сайлов жараёнига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга оид масалаларни ўрганиш мақсадида малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳамда сайлов кодексига киритилган демократик сайлов стандартларининг моҳиятини очиб беришга қаратилган тадбирлар, семинарлар, тренинглар, давра суҳбатлари ўтказадилар. Ҳамкорликдаги лойиҳаларини амалга оширишда, тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқадилар.
photo5332671686258043948.jpg
Тадбирда Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов сайлов жараёнлари, сайловга кўрилаётган тайёргарлик ишлари хусусида тўхталиб ўтди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 150 та сайлов округлари ва округ сайлов комиссиялари тузилиб, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи 6 минг 567 та сайлов округлари тузилди, уларнинг фаолияти бошланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари томонидан жами 10 минг 252 та сайлов участкалари тузилди. Шунингдек, Республикамизнинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхона ва консуллик идораларида 53 та сайлов участкалари тузилди.
Сайловларда кузатувчи сифатида қатнашишлари учун 49 давлат ва 8 ташкилот, 316 нафар кузатувчига таклифномалар юборилди.
Янги Сайлов кодексига биноан 22 декбарда бўлиб ўтажак сайловларда ўзини-ўзи бошқариш органларидан кузатувчиларнинг иштирок этишига рухсат берилиши маҳаллага бўлган эътиборни янада ортганлигидан далолат.
Шунингдек, Президентимизнинг 2019 йилнинг 30 октябрдаги “Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори билан Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази этиб қайта ташкил этилди.
Рақобатдош кўп партияли тизимнинг ривожланиш даражасини тизимли таҳлил қилиш, сиёсий партиялар томонидан ўз электорати манфаатлари йўлида ўтказиладиган тадбирларнинг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, фуқаролар фаоллигини ошириш кабилар марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди. Бу ўз навбатида сайловларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда, халқаро стандартлар асосида ташкил этилишида мазкур янги тузилма билан ўзаро ҳамкорликни янада кучайтиришни тақозо этади.
Тадбирда эндиликда аввалги сайловларда иштирок этган халқаро кузатувчиларнинг тафсиялари асосида мамлакатимиз демократик сайлов тизимида илк маротаба фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан ҳам кузатувчилар иштирок этиш мумкинлиги алоҳида қайд этилди. Маҳаллий кузатувчиларга ҳам халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар кузатувчилари билан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятлар белгиланган.
Меморандум замирида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларининг Сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов жараёнини янада демократлаштириш соҳасида ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, шунингдек, қўшма лойиҳа ва тадбирларни амалга ошириш мақсади мужассам.

 

Н.НАСРИЕВ, ЎзА