ШҲТ ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлиси

Тошкент шаҳрида 2 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг ўн саккизинчи мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлис Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кэцян, Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Дмитрий Медведев, Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Мамин, Қирғизистон Республикаси Бош вазири Муҳаммадқалий Абилғазиев, Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода, Ҳиндистон Республикаси мудофаа вазири Ражнат Сингх ва Покистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг ШҲТ бўйича миллий координатори Заҳур Аҳмаднинг тор доирадаги учрашуви билан бошланди. Музокарада ШҲТ Бош котиби Владимир Норов ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Жумахон Ғиёсов ҳам иштирок этди.
Ҳукумат раҳбарлари кенгаши иштирокчилари кун тартиби ва унинг доирасида имзоланадиган ҳужжатлар рўйхатини тасдиқлади, ШҲТ фаолиятига доир долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди.
Кенгашнинг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши бошқаруви раиси М.Шаршекеев ва ШҲТ Банклараро бирлашмаси кенгаши раиси А.Оморкулов, кузатувчи давлатлар вакиллари – Афғонистон Ислом Республикаси Бош вазири А.Абдулла, Беларусь Республикаси Бош вазири С.Румас, Эрон Ислом Республикаси биринчи вице-президенти И.Жаҳонгирий, Мўғулистон Бош вазири ўринбосари У.Энхтувшин, фахрий меҳмон сифатида Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, шунингдек, ҳамкор халқаро ташкилотлар вакиллари – БМТ ЭСКАТО ижрочи котиби ўринбосари Х.Хам, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари С.Иванов, АСЕАН Бош котиби ўринбосари Р.Тене, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш котибияти ижрочи директори Ҳ.Мирзозода, Евросиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси Т.Саркисян, БМТ ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили В.Рахманин қатнашди.
Мажлисда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Бишкек саммитида ҳукуматлар олдига қўйилган вазифалар – аъзо давлатлар ўртасида хавфсизлик, сиёсат, иқтисодиёт соҳаларида кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга оид ташкилот Бош котиби В.Норовнинг ҳамда ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши ва Банклараро бирлашмаси кенгаши раисларининг тузилма фаолиятига оид ахборотлари тингланди.
Ҳукумат раҳбарлари ШҲТга аъзо давлатлар ишбилармон доираларининг юқори технологияли ва инновацион қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, иқтисодиётнинг инфратузилма, машинасозлик, енгил ва озиқ-овқат саноати, рақамлаштириш, энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм каби муҳим тармоқларида лойиҳаларни амалга ошириш, кўргазма-ярмарка фаолияти ва мультимодал транспорт-логистика мажмуаларини ривожлантиришга қаратилган амалий ташаббусларининг муҳим аҳамиятга эга эканига алоҳида эътибор қаратди.
Биргаликда очиқ турдаги халқаро иқтисодиётни шакллантириш бўйича саъй-ҳаракатларни янада чуқурлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Мажлисда транспорт йўлакларини ривожлантириш соҳасида кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш устувор аҳамият касб этиши таъкидланди. ШҲТга аъзо давлатлар темир йўл маъмуриятлари ўртасида темир йўл транспорти соҳасидаги ўзаро боғлиқлик концепцияси тасдиқланди. Бу минтақада мавжуд транзит имкониятларидан самарали фойдаланиш, транспорт инфратузилмасини жадал ривожлантириш, юк ташиш ҳажмини кўпайтириш учун қулай шароит яратиш имконини беради. Шу орқали ШҲТ маконида товарлар айланиши ва инвестиция фаоллигини ошириш учун қулай муҳит яратилади.
Мажлисда ШҲТ билан БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ўртасида англашув меморандуми имзолангани ташкилот фаолияти сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт ва гуманитар алоқа соҳаларидаги ҳамкорликнинг кўп қиррали хусусиятга эга эканини яна бир бор тасдиқлади.
ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида олис ва қишлоқ ҳудудларида аҳолига сифатли хизматлар кўрсатишда алоқаларни чуқурлаштириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, маданият, таълим, спорт, фан ва техника соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олинди. Мамлакатларнинг бой тарихий-маданий меросини тарғиб этиш мақсадида минтақанинг сайёҳлик салоҳиятидан янада тўлароқ фойдаланишга оид алоқаларни ривожлантириш, бунда Самарқанддаги “Ипак йўли” туризм халқаро университети имкониятларидан кенг фойдаланиш таклиф этилди.
Орол минтақасидаги экологик вазиятни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистоннинг “Оролбўйи – экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди”ни ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлаш ғояси илгари сурилди.
Ҳукумат раҳбарлари ШҲТга аъзо давлатларнинг кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастури ижросини кўриб чиқдилар ва янги дастурни маъқулладилар. Ташкилотнинг 2020 йил учун мўлжалланган бюджетини тасдиқладилар.
Тадбирда жами 14 ҳужжат имзоланди. ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг ўн саккизинчи мажлиси якунлари бўйича Қўшма коммюнике имзоланди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда мажлис самарали бўлгани, имзоланган ҳужжатлар ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Тадбир иштирокчилари ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлиси юксак савияда ташкил қилинганини эътироф этиб, Ўзбекистон томонига самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси 2020 йилда илк бор Ҳиндистон Республикасида ўтказилади.

 

Улуғбек ШОНАЗАРОВ, ЎзА