Сенаторлар мамлакатнинг энг олис гарнизонида сайлов бўйича учрашув ўтказди
Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги, Нукус ҳарбий прокуратураси ходимлари ва Олий Мажлис Сенати аъзолари иштирокида сайловолди тарғибот учрашуви бўлиб ўтди.

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга маълум қилди.

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари қатнашган тадбир давомида ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Дилшод Чориев, Нукус ҳарбий прокурори адлия полковниги Баҳодир Худойбердиев, сенаторлар Ўзбекистон Қаҳрамони, археолог Гайратдин Хожаниязов, Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали ректори, профессор Ўрал Атаниязова, Гулистон Аннақиличева ва бошқалар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловларига тайёргарлик жараёни, бу йилги сайловларнинг мазмун-моҳияти хусусида батафсил маълумот берди.

photo_2019-11-02_14-02-20.jpg
– Бугунги кунда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятининг энг муҳим белгиларидан бири бу – эркин, очиқ сайлов тизимининг мавжудлигидир, – деди Нукус ҳарбий прокурори. – Сайловлар орқали фуқаролар бевосита давлат ва жамият бошқарувида иштирок этади. Сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи фуқаронинг энг муҳим сиёсий ҳуқуқлари сирасига киради. Шу сабабдан сайлов билан боғлиқ меъёрий ҳуқуқларни қамраб олган қонун – Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилинди. Мамлакатимизнинг барқарор тараққиёти учун сайлов ўтказишнинг аҳамияти ўта муҳим саналиб, ҳар бир фуқаро сайловларда фаол иштирок этиши лозим.Учрашув давомида сенаторлар томонидан ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини қизиқтирган барча саволларга жавоб берилди.

 

ЎзА