Ўзбекистон – Хитой ҳукуматлари ўртасида икки томонлама музокаралар

Хитой Халқ Республикаси Давлат Кенгаши Бош вазири Ли Кэцяннинг давлатимизга расмий ташрифи доирасида 1 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Симпозиумлар саройида икки мамлакат ҳукуматлари делегациялари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Хитой Халқ Республикаси Давлат Кенгаши Бош вазири Ли Кэцян мамлакатларимиз раҳбарлари ўртасидаги яқин, очиқ ва дўстона муносабатлар давлатларимизнинг ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш учун ишончли асос бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида иқтисодиёт, савдо, саноат, таълим, маданият, қишлоқ хўжалиги каби қатор соҳалар бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари фаол ривожланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон иқтисодиётига Хитойдан жалб этилган инвестициялар ва кредитлар ҳажми 9 миллиард доллардан ошган. Улар нефть, газ, кимё, энергетика, телекоммуникация, шунингдек, инфратузилмаларни ривожлантириш бўйича қатор стратегик аҳамиятга эга инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга йўналтирилмоқда.
Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий шериги ҳисобланади. Жорий йилнинг 9 ойи якунлари бўйича ўзаро савдо айланмаси 33 фоизга ошиб, 5,9 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Икки томонлама савдони янада кенгайтириш ва 2020 йил якунлари бўйича унинг ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш бўйича умумий вазифалар белгиланган.
26.JPG
Икки томонлама мулоқотда олий даражадаги учрашувлар доирасида эришилган келишувлар ижросини ўз вақтида таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Савдо-иқтисодий, сармоявий, молиявий ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Музокаралар доирасида Ўзбекистон томони хитойлик ҳамкорларни 2020 йилнинг 4-6 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган халқаро инвестиция форумида иштирок этишга таклиф этди. Шунингдек, Ўзбекистон – Хитой I ҳудудлараро форумини ўтказиш таклифи илгари сурилди.
Учрашув якунида савдо-иқтисодий, инвестиция, банк-молия, транспорт-коммуникация соҳалари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш, техник ҳамкорлик каби йўналишларда қатор ҳужжатлар имзоланди.
10.JPG
24.JPG

 

Малоҳат ҲУСАНОВА, Темур МАМАДАМИНОВ (сурат), ЎзА