Сайлов қонунчилиги: амалиёт ва самара

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан “Сайлов ва ёшлар” мавзусида учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” доирасида ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, Нукус давлат педагогика институти ўқитувчилари ва талабалари, партия “Ёшлар қаноти” қошида ташкил этилган “Ёш сиёсатчилар” ва “Ёш лидерлар” клублари аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Учрашувда таъкидланганидек, сайловлар демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим мезони, халқимизнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириши, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокининг асосий шаклидир. Мамлакатимизда босқичма-босқич ва изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида энг юксак демократик талаблар ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос янги Сайлов кодекси қабул қилинди. Натижада ушбу кодексда мустаҳкамланган ҳар кимнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини таъминлайдиган сайлов тизими яратилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси мазмун-моҳияти, фуқароларнинг, шу жумладан, ёшларнинг сайлов ҳуқуқлари, овоз бериш тартиби ва бошқа масалалар бўйича батафсил тушунчалар берди. Ёшлар бўлажак сайловларга оид ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
– Ҳар биримизнинг сайловларда фаол иштирокимиз мамлакатимизнинг ёрқин келажагини таъминлашда, унинг равнақида муҳим аҳамият касб этади, – дейди Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти талабаси Дилноза Жолдасбаева. – Сайлов кодексининг 4-моддасида қайд этилганидек, сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлов ҳуқуқига эгадир. Шу жумладан, мен ҳам ўзимнинг конституциявий ҳуқуқимдан фойдаланган ҳолда илк марта сайловда иштирок этаман ва бундан хурсандман.
Тадбир якунида партия сафига қабул қилинган бир гуруҳ талаба- ёшларга аъзолик гувоҳномалари тантанали равишда топширилди ва иштирокчиларга мусиқий дастур намойиш этилди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА