Мақсад – бўлажак сайловларда муносиб иштирок этиш

Нукусда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилотининг ҳисобот конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши аъзолари, шаҳар ва туман партия конференцияларида сайланган делегатлар, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Конференцияда асосан кун тартибидаги партия ташкилотининг 2015-2019 йилларда олиб борган ишлари таҳлили, партия ташкилотининг назорат-тафтиш комиссиясининг ҳисоботи, партиянинг навбатдаги қурултойига делегат сайлаш, ташкилий масалалар ва жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик бўйича устувор вазифалар кўриб чиқилди.
Конференцияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси С.Турманов бошқарди.
2014 йилда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича аъзолари сони 13 мингдан ортиқ, қуйи бўғинлар 600 дан зиёдни ташкил этган бўлса, айни пайтда 48 минг 483 маслакдоши 986 та бошланғич ташкилотга бириктирилган ҳолда фаолият юритмоқда.
3.jpg
2014 йили бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 8 округдан 3 депутат, Олий Мажлис Сенатига 3 сенатор, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига 65 округдан 25 депутат, Халқ депутатлари туман шаҳар Кенгашларига 413 округдан 147 депутат партия аъзоларидан сайланиб, сиёсий партиялар орасида юқори кўрсаткичга эга бўлган эди.
Партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларга сайланган депутатлар томонидан 2019 йилнинг ўтган даврида 2 минг 780 депутатлик сўровнома юборилган ва 1 минг 471 мансабдор шахснинг ҳисоботи тингланган. Бундан ташқари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессияларига сайлов давридан бошлаб 273 таклиф киритилиб, улар бўйича 258 та қарор қабул қилинган.
Ўтган давр мобайнида маҳаллий кенгаш депутатлари ташаббуси билан 600 дан зиёд масала депутатлик гуруҳларда кўриб чиқилган бўлса, Халқ депутатлари Кенгашидаги доимий комиссия мажлисларида 403 та таклиф киритилиб, бу бўйича 376 та қарор қабул қилинган.
6.jpg
Шунингдек, партиянинг ғоявий мақсад ва вазифаларини жойларда тарғибот қилиш, электорат вакиллари бўлган тадбиркор ва фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни тадбиркорликка жалб этиш, партия қошидаги бўлимлар томонидан ўтган йиллар давомида олиб борган ишлар, муваффақиятлар ва йўл қўйилган хато-камчиликлар ҳам эътироф этилди.
Сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши туман ва шаҳар кенгашлари томонидан сайловолди штаблари ташкил қилиниб, сайлов компанияси давомида олиб бориладиган ишларнинг календарь режаси тасдиқланди. Шу режа асосида тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Конференцияда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши аъзолари, партиясининг IX қурултойига делегатлар сайланди. Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА