Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида дипломатик алоқалар 1992 йил 23 ноябрда ўрнатилган. Давлат раҳбарларининг мулоқотлари, турли даражадаги делегациялар ташрифи мунтазамлик касб этган.

Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар барча соҳаларда изчил ривожланмоқда. 1998 йилда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, 2013 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ўзаро ҳамкорликка мустаҳкам асос бўлмоқда.

Дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25-йили муҳим воқеаларга бой бўлди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг очиқ ва прагматик сиёсати самарасида мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар янада фаоллашди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 22-23 март кунлари Қозоғистонга давлат ташрифи ҳамкорликни янги босқичга кўтарди. 16-17 сентябрда Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг мамлакатимизга давлат ташрифи олий даражадаги мулоқотларнинг изчил давоми бўлди.

Ушбу тарихий сана йил бўйи нишонланди, дейиш мумкин. Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари шу йилнинг ўзида олти маротаба учрашди. Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия мажлиси, бир неча бизнес-форумлар, миллий маҳсулотлар кўргазмалари ўтказилди. Ҳудудлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилди. Тошкент ва Олмаота ўртасида тезюрар поезд, шаҳарлараро автобуслар қатнови йўлга қўйилди. Азалдан қавму қариндош бўлган халқларимиз орасида борди-келди кўпайди. Буларнинг барчаси икки мамлакат ўртасидаги ишонч ва ҳамкорлик юксак даражада эканидан далолатдир.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан икки давлат раҳбарлари бир-бирларини қутлади. Қутловларда мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатлари бундан буён ҳам изчил мустаҳкамланиб бориши таъкидланди.

Пойтахтимиздаги «Наврўз» давлат қабуллар уйида бўлиб ўтган тадбирда бу жиҳатлар яна бир бор ўз ифодасини топди. Ўзбекистон ва Қозоғистон санъаткорлари ижросида миллий куй-қўшиқлар янгради.

Ушбу тантанали тадбирда иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Мамин ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматовнинг учрашуви бўлиб ўтди. Давлат раҳбарларининг музокаралари натижасида ҳамкорликка кенг йўл очилгани, уларда эришилган келишувлар тўла амалга оширилаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия доирасидаги алоқаларни ривожлантириш, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг баённомаси имзоланди.

Учрашувда икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳам қатнашди.

Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Мамин Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов билан ҳам учрашди.

 

Анвар Самадов, ЎзА