IUT талабалари илк маротаба иккита диплом соҳиби бўлди

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) ташкил этилгани беш йиллиги муносабати билан Корея Республикаси Инҳа университети президенти Чо Мёнг У бошчилигидаги делегация пойтахтимизда бўлди.
Кореялик профессорлар Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг 2018/2019 ўқув йили битирувчиларига тантанали диплом топшириш маросимида иштирок этиб, уларнинг келгуси фаолиятида муваффақият тилади.
Дипломларни топшириш маросими Корея Республикаси Инҳа университети анъаналарига мувофиқ ташкил этилди. Жорий йилда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети бакалавриат йўналишида Компьютер ва дастурий инжиниринг факультетини 200 талаба битирди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов бугунги кунда АКТ соҳасига ихтисослашган таълим тизимини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Корея Республикаси Инҳа университети билан ҳамкорлик қилиш, унинг ўқув дастурлари ва стандартларидан фойдаланиш кенг қамровли ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга қодир бўлган малакали кадрларни тайёрлаш имконини беришини қайд этди.
Тошкент шаҳридаги Инҳа университети қисқа давр ичида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш бўйича мамлакатимиздаги етакчи олий таълим муассасаларидан бирига айланди. Таъкидлаш жоизки, 2014 йилда ушбу таълим даргоҳида 115 талаба таҳсил олган бўлса, бугунги кунда бу ерда 1548 йигит-қиз билим олмоқда.
Корея Республикаси Инҳа университети президенти Чо Мёнг У ушбу таълим даргоҳининг ташкил этилиш тарихи, унинг ўзига хос анъаналари, Корея жамияти тараққиётида мазкур университетнинг роли ҳақида сўзлаб берди.
Таъкидлаш керакки, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг бу йилги битирувчилари бир пайтнинг ўзида 2 диплом соҳиби бўлди. Хусусан, Корея Республикаси Инҳа университети намунасидаги дипломларни президент Чо Мёнг У, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети дипломларини шу университет ректори вазифасини бажарувчи Музаффар Жалолов топширди.
Мамлакатимиздаги бошқа олий таълим муассасаларидан фарқли ўлароқ, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида битирувчиларга қизил дипломлар ёки медаллар топширилмайди. Бу ерда аълочи талабалар ҳам ажратилмайди. Таълим муассасасида энг юқори балл тўплаган талабаларгина таҳсил олади. Тантанали маросимда уларга Тошкент шаҳридаги Инҳа университети раҳбариятининг эсдалик совғалари топширилди.
Сабинахон Акбарова ана шундай талабалардан бири.
– Тошкент шаҳридаги Инҳа университетидаги таҳсил давомида кўплаб дўстларим юртимиздаги йирик идора ва корхоналарда ўзларига иш топди ёки хориждаги катта IT-компаниялар билан ҳамкорлик қилган ҳолда тажриба оширди, – дейди С.Акбарова. – Мен эса стартап лойиҳамни ишга тушириш билан шуғулландим. Жамоамизда истеъдодли дастурчилар бўлгани боис, ҳозирги кунда абитуриентлар орасида машҳур бўлган платформани яратдик. Бизнинг веб-саҳифамизда абитуриентлар юртимиздаги олий ўқув муассаcалари ва халқаро таълим даргоҳларининг мамлакатимиздаги филиалларига киришга тайёрланиши учун зарур бўлган барча материаллар ўрин олган.
2018 йилда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг 85 фоиз битирувчиси ўз йўналиши бўйича ишга жойлашган ва 15 фоизи Жанубий Корея, Германия, Швейцария, Франция, Норвегия, Венгрия, Англия, Чехия ва Европанинг турли давлатларидаги университетларнинг магистратурасида ўқишни давом эттирмоқда.

 

Роман БОНДАРЧУК, ЎзА