Дўстлик концерти

Пойтахтимиздаги «Халқлар дўстлиги» саройида Корея Республикаси эстрада юлдузлари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Юртимиздаги миллий маданият марказлари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этган концертда Кореянинг Канвондо вилоятининг машҳур хонандалари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон корейс маданият марказлари ассоциацияси раиси Виктор Пак, Корея Республикасининг Канвондо вилояти губернатори ўринбосари Чонг Ман Хо Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги дўстона алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси ва Жанубий Корея Президентлари ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичда, дўстона руҳда тобора мустаҳкамланиб бормоқда.
Ўтган асрнинг 30-40 йилларида тақдир тақозоси билан Ўзбекистонга келган корейс миллатига мансуб аҳоли ўзининг меҳнатсеварлиги, матонати, уддабуронлиги билан халқимиз ўртасида ҳурмат, эътибор қозонди. Улар яқин қариндошдек аҳил яшаб келади. Мамлакатимизда яшаб келаётган ушбу миллат вакиллари сиёсат, ишлаб чиқариш, маданият, таълим, илм-фан соҳасида самарали меҳнат қилмоқда.
– Мен кўп йиллар давомида энергетика-қурилиш соҳасида оддий ишчи бўлиб меҳнат қилдим, – деди Валентина Ким. – Ҳозир ёшим 72 да. Фарзандларим, невараларим шу заминда бахтини топди. Ўзбекистон биз учун чин маънодаги Ватан. Бугунги концерт дастури самимий руҳи билан барчага манзур бўлди.
– Эллик йилдан буён саҳнадаман, – деди кореялик хонанда Ким Се Ван. – Бугунги концертда энг машҳур қўшиқларимни ижро этдим. Ўзбекистонлик дўстларимизнинг олқиши, ижромизга муносабати менга чексиз илҳом бағишлади.
Дўстлик, тинчлик, ҳамжиҳатлик, Ватан, чин инсоний туйғуларни улуғловчи қўшиқлар янграган концерт мусиқа ихлосмандлари томонидан илиқ кутиб олинди.

 

Н.УСМОНОВА, ЎзА