Б. Косинбоев Ўзбекистон – Қозоғистон чегара ўтказиш пункти бир неча ойга ёпилади

Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегарада жойлашган Б.Конисбаев чегара ўтказиш пунктида қайта қуриш ва кенгайтириш ишлари олиб борилиши муносабати билан, 2019 йилнинг 1 ноябридан бошлаб мазкур чегара ўтказиш пунктида пиёдаларининг, енгил автотранспорт ва 3,5 тоннагача юк кўтариш автотранспорт воситаларининг ҳаракати 2020 йилнинг биринчи ярмига қадар тўхтатилади.
Бу ҳақида Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси расмий маълумотига асосланиб, Давлат божхона қўмитаси маълум қилмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси товар ҳамда транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтувчи ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, ташувчилар, енгил автотранспорт воситалари ҳайдовчилари ва пиёдаларга вақтларини тежаш, сарф-харажатларнинг олдини олиш мақсадида ўзбек-қозоқ чегарасида жойлашган бошқа муқобил ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланишлари мумкинлигини маълум қилади.
Маълумот ўрнида, Қозоғистоннинг Б.Конисбаев чегара ўтказиш пункти Тошкент вилояти Чиноз туманидаги “Яллама” чегара ўтказиш пунктига туташ ҳисобланади.

 

ЎзА