Хўжайли тумани ҳокими жаҳон чемпионини 10 млн. сўм билан мукофотлади

Хўжайли тумани ҳокими Женис Ермашев самбо бўйича жаҳон чемпиони Умида Жуманазаровани 10 млн. сўм билан мукофотлади. Умида шу йили 11-13 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўсмирлар ва ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида 48 кг. салмоқ категориясида мутлақ ғолибликни қўлга киритган эди.
Умида 2002 йилда Хўжайли туманида туғилган. Ҳозирги кунда туман халқ таълими бўлимига қарашли 19-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси. Спортнинг самбо турига болалигидан қизиққан. Унинг устози ота-оналари Анвар Атаханов ва Умида Бешимовалардир.
У Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон Республикаси миқёсида ўтказилган кўплаб мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган. Ютуқлари натижасида Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси томонидан I ва III даражали дипломлар эгаси бўлди.
– Юртимизда Юртбошимиз томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш бўйича олға сурилган 5та муҳим ташаббуснинг иккинчиси айнан ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган. Ғолибларни моддий ва маънавий рағбатлантириш уларнинг янада шижоатини оширишга ва бошқа тенгдошларининг қизиқишини орттиришига замин яратади, – дейди туман ҳокими Ж.Ермашев.
Қорақалпоғистонда ўсмирлар ва ёшлар спорти соҳасида кўплаб ютуқлар қўлга киритилмоқда. Жумладан, жорий йил 22 сентябрь куни “TASHKENT GRAND PRIX 2019“ халқаро мусобақасида -81кг. вазн тоифасида жангларда иштирок этган қорақалпоғистонлик спортчи Шарофиддин Болтабоев қаршилаш рақибини 2 сонияда мағлуб қилиб, жаҳон рекордини ўрнатган бўлса, Қорақалпоқ давлат университети талабаси Жалғасбай Бердимуратов Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида ўтказилган спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионатида -77 килограммда ғолибликни қўлга киритиб, Токио Олимпиадасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган эди.

 

Е.Қаноатов, ЎзА