“ARAL MARATHON” халқаро экологик марафони бошланди

Бугун эрта тонгдан спорт ихлосмандлари Тошкент шаҳридаги Миллий боғда жам бўлди. Бу ерда Ўзбекистон Экологик партиясининг ташаббуси билан “Биз келажак учун жавобгармиз” шиори остида “ARAL MARATHON” халқаро экологик марафонига старт берилди. 
Марафон Ўзбекистон Республикаси ҳукумати иштирокида 25 октябрь куни Нукус шаҳрида бўлиб ўтадиган юқори даражадаги Орол конференцияси арафасида юртимизда биринчи марта 17-22 октябрь кунлари ташкил этилмоқда.
Экологик марафон Ўзбекистоннинг 6 шаҳрида, яъни Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Урганч, Нукус ва Мўйноқда бўлиб ўтиши режалаштирилган.
2.jpg
6.jpg
Мазкур марафон Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилинишига, Орол фожиаси ҳақиқатдан ҳам глобал миқёсдаги муаммо эканлигига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш мақсадида ташкил этилмоқда.
Марафон олди тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.Абдувахитов, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Х.Фрезер, Экологик партия марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Б.Алихонов сўзга чиқиб, сув ресурсларини тежаш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, яшил иқтисодиётни ривожлантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш экологик барқарорликни таъминлашнинг энг самарали йўли эканини таъкидлади.
– Сувнинг қиймати кун сайин ортиб бормоқда, – деди Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Ислом Хушвақтов. – Шунинг учун марафон қатнашчилари бутун мамлакат бўйлаб рамзий маънода идишдаги сувни қўлдан-қўлга узатган ҳолда олиб ўтишади. Ҳафталик марафон дастурида ҳар бир босқичда 5 километрлик масофага югуриш, олий ўқув юртларида “Биз келажак учун жавобгармиз” шиори остида партия томонидан ташкил этиладиган тарғибот тадбирлари ва барча вилоят ҳокимликлари томонидан уюштириладиган концерт дастурларини ўз ичига олган. Марафоннинг финал босқичи 22 октябрь куни Мўйноқ шаҳрида олдинлари денгиз мавж уриб турган жойда бўлиши ҳам халқимиз ва дунё ҳамжамияти учун жуда аҳамиятлидир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қўллаб-қувватлаши натижасида Ўзбекистон Экологик партияси, Маданият, Ички ишлар, Мудофаа, Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари, Миллий олимпия қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Миллий гвардия, Енгил атлетика федерацияси кенг жамоатчилик эътиборини Орол муаммосига жалб қилиш мақсадида ягона платформага бирлашди. Бундан ташқари, ушбу лойиҳа ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш билан бир қаторда, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эга. Боз устига, жамоатчиликни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларига кенг жалб қилиш, аҳолининг экологик ва тиббий маданиятини юксалтириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, экологик барқарорликни таъминлашда давлат органлари ҳамда жамоат бирлашмалари билан ҳамкорликни кучайтириш партиянинг асосий дастурий вазифаларидан саналади.
9.jpg
14.jpg
Марафонга старт берилди. Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари О.Чусовитина, Р.Нуриддинов, Ф.Ғойибназаров, Р.Собиров ва бошқалар рамзий маънода идишдаги сувни қўлдан-қўлга узатган ҳолда белгиланган масофани босиб ўтди.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти 2-босқич талабаси Муҳсинжон Абдулатипов ҳам марафонда иштирок этиб, фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.
– Енгил атлетика бўйича турли мусобақаларда қатнашганман, – деди М.Абдулатипов. – Бу галгиси ўзгача бўлди. Гап ғалабада эмас. Энг муҳими Экологик партиянинг “Биз келажак учун жавобгармиз” шиори остида бирлашдик. Эртага Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган марафонда ҳам иштирок этмоқчиман.
Экологик марафонни анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу бутун дунё ҳамжамиятнинг минтақадаги экологик муаммоларга эътиборини қаратишга хизмат қилади.

 

Хуршид ҚОДИРОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА