21 октябрь – ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун

 Инсон туғилибоқ падари бузруквори ҳамда волидасининг меҳри, ширин каломи, алласию севгисини она тилида эшитади, туяди. Илк сўзлари, фикр-ўйи, теварак-атроф ҳақидаги мулоҳазаларини шу тилда баён қилади. Мана шунинг учун бўлса керак, ҳар бир инсоннинг ўз она тилига бўлган меҳр-муҳаббати бўлакчадир, у кишининг қалбида, юрак тўридадир. Шу боисдан ҳам ҳар бир инсон она тилини қадрламоғи, уни софлигини сақлашга, ривожига ўз ҳиссасини қўшмоғи лозимдир. Чунки маърифатпарвар адиб Абдулла Авлоний айганидек, „ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидир, миллий тилни йўқотмак миллат руҳини йўқотмакдур“. Дарҳақиқат, сўзларни бузиб гапиришлар, ўринсиз чет сўзларию бемаъни сўкиш ва қарғиш сўзлари тилимиз тараққиётига уриладиган болтадир.

Шуни ҳам унутмаслигимиз жоизки, инсоннинг она тилига бўлган меҳр-муҳаббатини оширишда, албатта, китобхонлик маданиятининг ҳам ўрни жуда каттадир. Зотан, турли хилдаги бадиий, публицистик ва илмий характердаги асарлар мутолааси жараёнида ўқувчи онгида она тилига бўлган, унинг сеҳру жозибасига, тароватига бўлган меҳри ҳам босқичма-босқич ривожлана боради, ўз она тилида хатосиз ёзиш ва гапириш кўникмаси шаклланади.

Ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш жараёни ҳам осонликча рўй бергани йўқ. ХХ асрнинг 80 йилларида бошланган уринишлар натижаси ўлароқ, 1988 йилга келиб қатор олимларимиз тилимиз ҳақ-ҳуқуқини тиклаш йўлидаги дадил фикрлари билан матбуотда чиқишлар қилдилар. Ниҳоят, 1989 йил 21 октябрда “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. 1995 йил 21 декабрда қайта таҳрир қилинган мазкур тарихий қонун мазмун-моҳияти ва ижтимоий аҳамияти жиҳатидан долзарбдир. Ҳар бир фуқаронинг давлат тили ва у ҳақидаги муайян билимларга эга бўлмоғи ҳам фойдадан холи эмасдир.

“Давлат тили тўғрисида”ги қонун бошқа миллат ва элатларининг тилларига нисбатан ҳам ҳурмат ва эътиборда бўлишга, бағрикенглик тамойилларига даъват этади: “Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмайди” (2-модда). “Ўзбекистон Республикасида давлат тилини ўрганиш учун барча фуқароларга шарт-шароит ҳамда унинг ҳудудида яшовчи миллатлар ва элатларнинг тилларига иззат-ҳурмат билан муносабатда бўлиш таъминланади…” (4-модда). Яъни, она тили бошқа тил бўлган, ўзга тилларда сўзловчи одамларга нисбатан мулоқотни давлат тилида ташкил этиш борасида таклиф киритиш ёки босим ўтказиш қонунан таъқиқланади. Инсон ўз она тилига қандай муносабатда бўлса, бошқа тилларга ҳам шундай муносабатда бўлишга чақиради.

Барчамизга ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг ўттиз йиллиги муборак бўлсин!

 

Олимжон ЕШИМБЕТОВ,

Нукус давлат педагогика институти ўзбек тили кафедра ўқитувчиси.