Туркий кенгашга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлиси

Боку, 14 октябрь. ЎзА махсус мухбири Матназар Элмуродов хабар қилади.
Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммити олдидан Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Озарбайжон Республикаси ташқи ишлар вазири Элмар Мамедяров, Туркия ташқи ишлар вазири Мевлют Човушўғли, Қирғизистон ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди иштирок этди. Мажлисда, шунингдек, Туркий кенгаш бош котиби Бағдат Амреев, ташкилот ҳузурида кузатувчи мамлакат – Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто, ташкилот Оқсоқоллар кенгаши, TURKPA, TURKSOY бош котиблари, Турк академияси президенти қатнашди.
photo_2019-10-14_13-29-11.jpg
Мажлис кун тартибидан Туркий кенгаш еттинчи саммити кун тартибига тақдим этиладиган масалалар муҳокамаси ўрин олган.
Озарбайжон ташқи ишлар вазири Ўзбекистон делегациясини мамлакат Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига тенг ҳуқуқли аъзо бўлиб қўшилгани билан қутлади. Ўзбекистон иштирокида Туркий кенгаш ҳам ҳудуд, ҳам салоҳият жиҳатидан янада нуфузи ортиб, халқаро майдонда йирик платформага айлангани таъкидланди.
photo_2019-10-14_13-29-13.jpg
Шундан сўнг ташқи ишлар вазирлари саммитда давлат раҳбарлари томонидан кўриб чиқиладиган масалалар муҳокамасига ўтди. Жумладан, Туркий кенгаш еттинчи саммити декларацияси, Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиб киришига оид Туркий кенгаш давлат раҳбарларининг қўшма баёноти, Туркий ҳамкорлик ташкилотлари мувофиқлаштирувчи қўмитаси ташкил этилишига оид қарор, Қозоғистон Республикаси Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевга Туркий кенгашнинг фахрий раиси мақомини беришга оид қарор ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Мажлис сўнггида ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

 

ЎзА