Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

2019 йил 12 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлиси иши давом эттирилди.
Мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Сенаторлар Наманган вилоятининг Наманган шаҳри, Тўрақўрғон, Косонсой, Наманган ва Янгиқўрғон туманлари, Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри ва Қўрғонтепа тумани чегараларини ўзгартириш, шунингдек, Андижон вилояти Бўз туманининг номини ўзгартириш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқдилар.
Қайд этилганидек, таклиф этилаётган ўзгартишлар натижасида Наманган ва Андижон вилоятларининг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини янада ошириш, аҳоли учун энг қулай шарт-шароитлар яратиш имконияти пайдо бўлади.
Бу ўзгартиришлар мазкур ҳудудлар учун долзарб бўлган вазифаларни ҳал этишда, шу жумладан, ҳудудларнинг ўзига хос жиҳатларидан келиб чиқиб тузиладиган тасдиқланган маҳаллий дастурларни тўлиқ амалга оширишда муҳим омил бўлиши таъкидланди. Муҳокама якунлари бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг мамлакатда дарахт ва буталарни кесишда қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати тўғрисидаги ахборотини эшитдилар.
Мамлакатимизнинг “яшил либоси”, айниқса дарахтзор ва бутазорлар экотизим мувозанатини, ҳаво тозалигини, демакки, аҳоли саломатлигини таъминлашда муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Айнан шу нуқтаи назардан уларни авайлаб-асраш ва кўпайтириш зарур. Бироқ кейинги пайтда ҳар ерда дарахтларнинг назоратсиз кесиб ташланиши туфайли яшил ўсимликлар фонди, айниқса асрлар оша сақланиб келаётган дарахтлар сони кескин камаймоқда, бу эса ҳақли равишда жамоатчиликнинг эътирозларини келтириб чиқармоқда. Хусусан, Олий Мажлис Сенатига ушбу масала юзасидан мурожаатлар келиб тушмоқда. Бу мавзу ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокамага сабаб бўлди. Шуни инобатга олган ҳолда, бу масала ялпи мажлис кун тартибига киритилди.
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан ўрмон фондига кирмайдиган ерлардаги дарахт ва буталар кесилиши билан боғлиқ ҳолат ўрганилганда бу борада муаммолар борлиги аниқланди. Жумладан, 2017 йилга нисбатан дарахтлар кесиб ташланиши 56 фоизга кўпайди. Айни вақтда дарахтларни кесиш билан боғлиқ 3 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик аниқланди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг мазкур даврига нисбатан 66 фоизга ошди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини ошириш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўриш, давлат органлари ёки тадбиркорлар эҳтиёжлари учун ер ажратишда мавжуд дарахтларни бошқа ерга кўчириб экиш ёки дарахтзор бўлмаган ҳудудларга янги дарахтлар экиш амалиётини жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига дарахтларни рўйхатга олиш бўйича методик қўлланма ишлаб чиқиш, шунингдек, аҳолининг экологик маданиятини оширишга қаратилган тушунтириш ишларини кучайтиришга эътибор қаратиш топширилди. Ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарорида ўз аксини топган бошқа аниқ таъсирчан чора-тадбирлар ҳам билдирилди.
Сўнгра парламентнинг юқори палатаси аъзолари Наманган вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.
Қайд этилишича, жорий йил январь-август ойлари якунлари бўйича вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогноз кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилган. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 5 триллион 137 миллиард сўмни (109,5 фоиз) ташкил этди, 3 триллион 541 миллиард сўмлик халқ истеъмол моллари ишлаб чиқарилди.
Давлат раҳбарининг 2017-2019 йиллардаги ташрифлари чоғида вилоятни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинганлиги таъкидланди. Жумладан, бу даврда 14,7 триллион сўмлик маблағлар ўзлаштирилиши ҳисобига 1252 та лойиҳа амалга оширилди, 26275 та янги иш ўрни ташкил этилди. Тадбиркорликнинг барча шаклларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий йилда 4622 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилди, бу эса ўтган йилга нисбатан ўсиш икки бараварни ташкил этганини англатади. Вилоятга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирги вақтга қадар 235,0 миллион долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Бу кўрсаткич 2018 йилга нисбатан 3,1 бараварга ўсди.
Сўнгги уч йилда вилоят халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида ва доимий комиссиялар мажлисларида ижро этувчи ҳокимият органларидаги 812 мансабдор шахснинг ҳисоботлари эшитилди, бу эса, ўз навбатида, ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашга кўмаклашди.
Шу билан бирга, Наманган вилоятида ҳудудларни ривожлантиришга ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари иши самарадорлигини оширишга салбий таъсир кўрсатадиган кўплаб муаммо ва камчиликлар мавжуд. Шу муносабат билан маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаоллигини ошириш, уларнинг фаолиятига янги усуллар ва ёндашувларни жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
Ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар орасида республика ва маҳаллий аҳамиятга эга йўлларни таъмирлаш, давлат аҳамиятига молик Фарғона ҳалқа йўлини модернизациялаш ва кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Ушбу йўлдан 2018 йилда 25-30 минг автотранспорт воситаси, бугунги кунгача эса 30-35 минг автотранспорт воситаси фойдаланди, аммо амалдаги нормаларга мувофиқ мазкур йўл бор-йўғи 10-15 минг автотранспорт воситасини ўтказиш имкониятига эга.
Жорий йилнинг ўтган даврида бу йўлда аянчли оқибатларга олиб келган кўплаб йўл-транспорт ҳодисалари қайд этилгани, уларнинг кўпчилиги қарама-қарши томонга чиқиб кетиш билан боғлиқлиги таъкидланди. Хавфсизликни таъминлаш ва ҳайдовчиларга қулайлик яратиб бериш учун йўналишнинг қатнов қисмларини қайта қуриш ва иккитадан тўрттага кенгайтириш ҳамда ҳимоя йўл тўсиқлари ўрнатиш зарурлиги ҳақида сўз борди. Бу вазифани молиялаштириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш муҳимлигига урғу берилди.
Вилоятда аҳолининг сув таъминоти билан боғлиқ жиддий муаммолар сақланиб қолмоқда. Жумладан, аҳолининг 37,8 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланмаган. Мавжуд 508 сув олиш иншооти қувватининг атиги 46 фоизидан фойдаланилмоқда, сув қудуқларининг 13 фоизи таъмирталаб, 8 фоизи яроқсиз ҳолга келган. Маҳаллий ҳокимликларнинг мелиоратив ишлар самарадорлигини ошириш билан боғлиқ ташаббуслари масъул вазирликлар ва идоралар томонидан батафсил ўрганилмаяпти.
Муҳокама чоғида сенаторлар томонидан ҳудудни янада ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ишини такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди. Бу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Шунингдек, сенаторлар ота-оналар қаровисиз қолган ва Меҳрибонлик уйида тарбияланган ёшларнинг жамиятга ижтимоий мослашувидаги долзарб масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.
Сенатнинг тегишли қўмиталари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти билан биргаликда ўтказилган ўрганиш ва таҳлил Меҳрибонлик уйида тарбияланган болаларни жамиятга ижтимоий мослаштиришда қатор муаммолар борлигини кўрсатди. Шу муносабат билан бундай сўров юбориш зарурати юзага келди. Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан кейин сенаторлар табиий газ қувурлари тизими ҳолати ва ушбу соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.
Қайд этилганидек, аҳоли билан мулоқот, газ қувурлари тизими ҳолатини текшириш, тегишли қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ижросини таҳлил қилиш вақтида қатор тизимли муаммо ва камчиликлар аниқланди. Шу муносабат билан парламент сўрови юбориш зарурати юзага келди. Бу масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Олий Мажлис Сенати аъзолари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг академик лицейларида қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини муҳокама қилдилар.
Олий Мажлис Сенатининг жорий йил 21 июндаги тегишли қарори билан бу парламент сўрови Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилди. Сўровга 2019 йил 20 августда берилган батафсил жавобда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўрилганлиги қайд этилмоқда. Жумладан, тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда академик лицейларда илғор педагогика технологиялари асосида ўқитишни ташкил этиш, битирувчилар бандлигини таъминлаш, мазкур таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан тасдиқланди. Ушбу ҳужжатда белгиланган мақсадли вазифаларда Ўзбекистон Республикасининг битта Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг бир нечта қарорлари ҳамда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартишлар киритиш назарда тутилган. Муҳокама якунлари бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Сўнгра сенаторлар тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда аҳолининг санитария-эпидемиология осойишталигини таъминлаш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини муҳокама қилдилар.
Олий Мажлис Сенатининг жорий йил 4 майдаги тегишли қарори билан ушбу парламент сўрови Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилди.
2019 йил 3 августда берилган батафсил жавобда мавжуд муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилгани қайд этилган. Хусусан, парламент сўровида баён этилган талабларни бажариш бўйича тегишли чора-тадбирлар режаси, шу жумладан, аҳолининг санитария-эпидемиология осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг, юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалишининг олдини олиш тадбирлари тасдиқланди. Уларнинг ўз вақтида ижро этилиши назоратга олинди. Муҳокама якунлари бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси судьяларининг махсус кийими тавсифи ва намунасини кўриб чиқдилар ҳамда тасдиқладилар.
Олий Мажлис Сенати аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар, унинг якунлари бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Олий Мажлис Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлиси чоғида 31 та масала, шу жумладан, 19 та қонун, Вазирлар Маҳкамасига оид 4 та парламент сўрови кўриб чиқилди.
Йигирма учинчи ялпи мажлис фаолияти биринчи марта онлайн режимда Олий Мажлис Сенатининг расмий сайти орқали ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида трансляция қилинди. Ялпи мажлисни ёритиш учун Олий Мажлис Сенатининг Ахборот хизмати томонидан мамлакатимиз ва хориж оммавий ахборот воситаларининг 130 дан ортиқ вакили аккредитация қилинди.
Сенаторлар томонидан маъқулланган Ўзбекистон Республикаси қонунлари демократик ислоҳотлар ва янгиланишларни изчил амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилгани таъкидланди. Олий Мажлис Сенати томонидан қабул қилинган қарорлар ижроси устидан парламент, депутатлар ва жамоатчилик назорати янада кучайтирилиши назарда тутилмоқда.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати.

 

ЎзА