Амударё тумани давлатга пахта топшириш режасини ортиғи билан бажарди

Қорақалпоғистоннинг Амударё тумани давлат хирмонига 32 минг 250 тоннадан зиёд ҳосил топшириб, шартномавий режани ортиғи билан бажарди. Туманда 2019 йилги пахта йиғим-терими мавсуми учун пухта тайёргарлик кўрилди ва тизимли асосда иш олиб борилди. 360 та терим отрядлари ташкил қилиниб, мавсум давомида 7 минг 630 нафар фермер хўжаликлари ишчилари, 13 минг 871 нафар уюшмаган аҳоли вакиллари кўнгилли равишда йиғим-терим ишларида иштирок этди.
– Бу йил ҳам бободеҳқонларимиз юксак натижаларга эришиб, давлатга пилла ва ғалла топшириш бўйича режаларини ошириб бажаргандилар. Пахтакорларимиз ҳам бир неча йиллик анъаналарини давом эттирган ҳолда Қорақалпоғистонда биринчилардан бўлиб, давлатга пахта сотиш бўйича шартномавий режаларни ортиғи билан бажардилар, – дейди Амударё тумани ҳокими Султонбой Йўлдашев. – Ердан ризқ ундириш, ундан ҳосил олиш ўз-ўзидан бўлмайди. Деҳқонларимиз эрта баҳор, жазирама ёз мобайнидаги табиат инжиқликларини ўз билим, тажриба ва маҳорати, машаққатли меҳнати билан мардонавор енгиб, кузнинг ҳар бир илиқ кунидан унумли фойдаланган ҳолда ҳосилни уюшқоқлик билан йиғиб-териб олишди.
Туманда эрта баҳорда 366 та фермер хўжаликлари томонидан 15 минг 250 гектар майдонга “С 47-27”, “Султон” ва янги “Бухоро-102” навли чигит экилди. Ўз вақтида амалга оширилган агротехник тадбирлар натижасида ғўза ниҳоллари текис униб чиқди. Вегетация даврида барча агротехник тадбирлар сифатли ва ўз вақтида амалга оширилди. Жумладан, ғўза ниҳолларини ягоналаш, қатор ораларига ишлов бериш, бегона ўтлардан тозалаш, суғориш ва озиқлантириш, дефолиация ва чеканка қилиш каби тадбирлар малакали мутахассисларнинг тавсиялари ва деҳқонларимизнинг кўп йиллик тажрибалари асосида сифатли амалга оширилди. Бу ишларга жами 73 млрд сўмга яқин имтиёзли кредитлар ажратилиб, барча зарур ресурслар муддатида етказиб берилди ҳамда ишчиларнинг иш ҳақлари ўз вақтида тўлаб борилди.
Қулай об-ҳаво шароити, ишнинг тизимли асосда ташкил қилингани ва деҳқонларимизнинг машаққатли меҳнатлари эвазига далаларда мўл ҳосил тўпланишига эришилди.
Жорий йилда туманда масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Amudaryotex” хорижий корхонаси қошида пахта-тўқимачилик кластери ташкил қилиниб, жами 185 та фермер хўжаликлари унга бириктирилди. Мазкур фермер хўжаликларнинг 7146 гектар майдонига чигит экишдан тортиб, ҳосилини йиғиб-териб олишгача бўлган жараёнлардаги барча ташкилий ва молиявий масалалар корхона томонидан мувофиқлаштирилиб борилди. Бу эса соҳада ҳақиқий бозор муносабатларини ўрнатиб, юқори натижаларга эришишга сабаб бўлди. Мазкур кластер таркибидаги Намуна, Куюк кўпир ва Бобур номли овуллардаги фермер хўжаликлари шартномани биринчилар қатори бажарди.
Теримчилар учун барча шароитлар яратилиб, дала бошида иссиқ овқатлар ташкил қилинди. Уларнинг маданий ҳордиқ чиқариши учун концерт дастурлари уюштирилди. Терим пулларининг ўз вақтида, дала бошида бериб борилгани ва теримчилар учун арзон нархдаги кўчма дўконлар хизмат кўрсатгани терим суръатини оширишда муҳим омил бўлди.
Қолаверса, турли мусобақалар ташкил қилиниб, илғор теримчилар мунтазам равишда рағбатлантирилиб борилгани уларнинг моддий манфаатдорлигини оширди. Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси томонидан “Энг илғор теримчи оила” танловининг ўтказилгани ҳам теримчилар ғайратига ғайрат қўшди.
Бугунги юксак хирмонни бунёд қилишда Тошёп, Намуна, Куюк кўпир, Бобур, Тўлқин, Ўрта қалъа, Қиличбой, Қипчоқ овул ҳамда маҳаллаларидаги фермер хўжаликлари муносиб ҳисса қўшдилар.
Тўлқин овулидаги “Амат Тўраев”, Қиличбой овулидаги “Фарҳодов Асадбек” ҳамда “Аширов Қаҳрамон”, Дўрман овулидаги “Бобурбек Ўрозбоев”, Тошёп овулидаги “Бекман Аллаберганов” номли фермер хўжаликлари давлатга пахта сотиш бўйича контрактация шартномаларини туманимизда биринчилар қатори бажардилар. Шунингдек, Ўрта қалъа овулидаги “Ўрозбой Эрманов” ва “Эрлапас”, Қиличбой овулидаги “Pажабов Омонбой” каби фермер хўжаликлари ҳосилдорликни гектаридан 35-40 центнерга етказиб, “оқ олтин” хирмоннинг янада баланд бўлишига ўзларининг ҳиссаларини қўшдилар.
Терилган пахта кунига икки маҳал ўлчаб олиниб, пешма-пеш қабул масканларига элтиб турилди. “Амударё пахта тозалаш” акциядорлик жамиятига қарашли барча тайёрлов масканларида мавсум бошидан пахта қабул қилишга пухта ҳозирлик кўрилди ва ҳосилни қабул қилишга шай қилиб қўйилди. Жамиятга қарашли пахта тайёрлов масканларида ҳосил кечиктирилмасдан қабул қилиб олинди.

 

Е.Қаноатов, ЎзА