Мўйноқда Экобоғ барпо этилди

Мўйноқ тумани Учсой ҚВПда “Дўстлик экобоғи” барпо этиш бўйича экологик ҳашар ташкил этилди. Экологик партия фаоллари томонидан олиб келинган 500 га яқин манзарали ва мевали кўчатлар ўтқазилиб, экобоғнинг теварак атрофлари обод қилинди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Экологик партияси томонидан мазкур туманда ўтказилган экологик акция доирасида амалга оширилди.
– Акция Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши, Экологик партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий ташкилотлари томонидан Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўптомонлама шериклик траст жамғармаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича “Йўл харитаси”да белгилаб берилган вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш, долзарб экологик муаммоларни ҳал қилишга кенг жамоатчиликнинг эътиборини қаратиш мақсадида ўтказилди, – дейди партиянинг Қорақалпоғистон Кенгаши бошлиғи Айсанем Бегимова. – Оролбўйи фожиаси оқибатларини бартараф этиш мамлакатнинг сиёсатида устуворлик касб этади. Ўзбекистон экологик партияси “Биз келажак учун жавобгармиз“ шиорини илгари сурар экан, давлатимизнинг экологик сиёсатини амалга оширишда жамиятнинг барча кучларини сафарбар этишни ўзининг муҳим вазифалари қаторига қўяди.
photo_2019-10-13_14-48-00.jpg
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, заҳарли тузларнинг ҳавога кўтарилишини олдини олишнинг энг муқобил йўли қуриган денгиз ҳудудида шўрга чидамли дарахт кўчатлари ва саксовуллар экиб, ўрмонзорлар барпо этишдир.
Давлатимиз раҳбари 2018 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга мурожаатномасида экологик масалаларда алоҳида тўхталиб, “ …Агар мустақиллик йилларида Ўзбекистон бўйича 1 млн 200 минг гектарга яқин ўрмонзорлар яратилган бўлса, шундан 400 минг гектардан ортиғи айнан Оролбўйи ҳудудида барпо этилган.Бу масалада қабул қилинаётган махсус дастурга кўра, Орол денгизининг сувсиз ҳудудида келгуси йилда яна 500 минг гектар ўрмонзор барпо этилади”, дея таъкидлаб ўтган эдилар. Президентимизнинг ушбу сўзлари Орол экологик фожиасининг таъсирини кўриб ҳис қилиб юрган ҳар бир юртдошимизнинг қалбида акс садо берди, ушбу ишга ўз ҳиссасини қўшиш истагини уйғотди.
Маълумки, Ўзбекистон экологик партияси ташаббуси билан жорий йилнинг 23 январ куни Оролбўйи ҳудудида ҳашар уюштирилган ва 500 килограммга яқин саксовул уруғлари етказиб берилганди. Шунингдек, жорий йилнинг 16-17 март кунлари амалий тадбир доирасида аҳолини тозаланган ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида Хоразм вилоятининг Боғот, Шовот ҳамда Янгиариқ туманларидаги мактаб ҳудуди яқинига сув тозалагич аппаратлари Ўзбекистон экологик партияси ташкилоти ташаббуси билан ҳомийлик ёрдам сифатида ўрнатиб берилди. Мазкур қурилма орқали тозаланган сувдан аҳоли бемалол фойдаланишлари учун кенг шароитлар яратилди. Амалий акциялар давомида Ўзбекистон экологик партиясининг сайловолди дастури лойиҳасини кенг жамоатчилик фикрини олиш мақсадида дебатлар ташкил этилди.
photo_2019-10-13_14-48-04.jpg
Мўйноқ туманида ўтказилган мазкур акция доирасида “Uz-Kor Gaz Chemical” МЧЖ қўшма корхонаси ҳомийлигида Мўйноқ тумани Учсой ҚВПда ўрнатилган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбир якунида санъат усталарининг концерт дастури тақдим этилди. Шунингдек, Ўзбекистон экологик партияси Ёш экологлар қаноти иштирокида Оролбўйи ҳудудларида амалга оширилаётган ишлар юзасидан кўргазмали чиқишлар ташкил этилди.
photo_2019-10-13_14-48-21.jpg

 

Е.Қаноатов, ЎзА