Ўзбекистон 2020 йилда МДҲга раислик қилади

Ашхобод, 11 октябрь. 
ЎзА махсус мухбири Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ хабар қилади.
Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги Саммити бўлиб ўтди. 
Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов раислигида ўтган йиғилишда Ўзбекистан Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим Жўмарт Тоқаев, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков, Молдова Республикаси Президенти Игорь Додон, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев иштирок этди.
Дастлаб МДҲ давлат раҳбарлари тор доирада учрашув ўтказди. Унда Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ушбу халқаро тузилма фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди, минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.
98856b57-e194-2ffb-4f98-45152e6700ce.jpg
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги 1991 йил 8 декабрдаги МДҲни тузиш тўғрисидаги битим ҳамда 1991 йил 21 декабрдаги мазкур битимга протокол асосида ташкил қилинган. Ижроия қўмита МДҲнинг ижро этувчи, маъмурий ва мувофиқлаштирувчи идорасидир.
Саммитда нутқ сўзлаган Шавкат Мирзиёев Ҳамдўстлик доирасида кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини қайд этди ҳамда шерикликнинг истиқболли йўналишларига алоҳида эътибор қаратди.
b481d18f-e015-402a-f2fc-c7c7b602d6b0.jpg
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ўзбекистон учун, аввало, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, турли тармоқларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, транспорт-коммуникация ва транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш, хавфсизликни мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш жиҳатидан манфаатлидир. Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг ушбу ташкилотдаги иштироки анча фаоллашди. Жорий йили юртимизда МДҲнинг кўплаб тадбирлари ўтказилди.
Учрашувда 2020 йилда МДҲда раислик Ўзбекистон Республикасига ўтиши тўғрисидаги қарор барча томонидан қўллаб-қувватланди.

 

ЎзА