ИҲТ халқаро семинари мавзуси: Ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш

7-8 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги йиллик 6-семинари бўлиб ўтади.
Ушбу нуфузли халқаро анжуман Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилмоқда.
Семинарда ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси аъзолари, халқаро экспертлар, ИҲТга аъзо ва кузатувчи мақомидаги жами элликка яқин давлат, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий муассасалар вакиллари иштирок этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурган эди. Ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатда глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланаётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга ошириш масалалари кўзда тутилади.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти 1969 йил 25 сентябрда Марокаш пойтахти Роботда ўтказилган ислом давлатлари раҳбарларининг биринчи йиғилишида ташкил этилган. Дастлаб Ислом конференцияси ташкилоти деб юритилган ушбу йирик халқаро ислом ташкилоти 2011 йилдан буён Ислом ҳамкорлик ташкилоти деб аталади. Қароргоҳи Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган. Бугунги кунда ташкилотга икки миллиардга яқин аҳолиси бўлган 57 давлат аъзо. Ўзбекистон 1996 йилдан ИҲТ аъзоси ҳисобланади.
2016 йил 18-19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг 43-сессияси бўлиб ўтди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев «Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» мавзусидаги ушбу сессиянинг очилиш маросимида, шунингдек, 2017 йил 10 сентябрда Остона шаҳрида (ҳозирги Нур-Султон) бўлиб ўтган ИҲТнинг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида нутқ сўзлади.
ИҲТнинг асосий мақсад ва вазифалари аъзо давлатлар ўртасида дўстлик ва бирдамлик ришталарини уйғунлаштириш, ислом оламида юзага келган муаммоларни ҳал этиш, давлатлар ички қонунларига ҳурмат билан ёндашиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аъзо давлатларнинг иқтисодий жиҳатдан ривожланишига кўмаклашиш, ислом дини ҳақидаги турли ноҳақ ва ножўя маълумотларга барҳам бериш, турли соҳаларда мамлакатлардаги институтлар билан илмий изланишларни йўлга қўйишдан иборат.
ИҲТнинг Мустақил доимий инсон ҳуқуқлари комиссияси ИҲТга аъзо мамлакатлар Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг 2011 йил 28-30 июнь кунлари Астана шаҳрида бўлиб ўтган 38-сессиясида қабул қилинган резолюцияга мувофиқ тузилган. 2019 йилда Ўзбекистон ИҲТнинг ушбу Комиссиясига раислик қилмоқда.
Комиссия ИҲТнинг низом ва декларацияларида, шунингдек, инсон ҳуқуқлари борасида умумэътироф этилган ҳужжатларда қайд этилган фуқаролик, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларни ислом қадриятлари билан мувофиқ ҳолда мустаҳкамлаб бориш билан шуғулланади.
Йиллик 6-семинарда тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилишнинг аҳамияти муҳокама қилинади. Анжуман иши доирасида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси лойиҳасини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.
ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг йиллик семинари иштирокчилари ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бўйича мавжуд халқаро ва минтақавий механизмларни таҳлил қиладилар.
Анжуманда, шунингдек, ёшларни ўз мамлакати барқарор тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга рағбатлантириш учун давлат тараққиёт стратегиясида навқирон авлод ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳисобга олиниши борасидаги илғор тажрибалар асосида амалий таклифлар ишлаб чиқилади. ИҲТга аъзо мамлакатлар ёшлари ўз ҳуқуқларидан тўла фойдаланишида дуч келаётган асосий муаммоларга эътибор қаратилади. Семинар иштирокчилари ўзлари мансуб мамлакатлар ёшларига доир давлат сиёсати ва жорий дастурлар таҳлили бўйича хулосаларини тақдим этади.
Анжуман якунида қабул қилиниши кутилаётган ҳужжатда ёшлар ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқариш орқали уларнинг ўз мамлакатлари тараққиёти жараёнида бевосита иштирокини кенгайтиришга қаратилган ёшлар сиёсатини ишлаб чиқиш бўйича тавсиялар баён этилади. Йиллик 6-семинарнинг мазкур якуний ҳужжати ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг навбатдаги сессиясига тақдим этилиши мўлжалланган.

 

ЎзА