USD 10500.03
EUR 12607.39
RUB 140.7

Чоршанба, 24 Апрель

Сайт тест режимида ишлаяпти. Ноқулайликлар учун узр сўраймиз.

Инсон қадр-қиммати, унинг ҳуқуқ ва эркинлиги ҳамма нарсадан устун

Инсон қадр-қиммати, унинг ҳуқуқ ва эркинлиги ҳамма нарсадан устун

Парламент юқори палатасида Олий Мажлис Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди.
Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Йиғилишда Фарғона вилояти ҳокими, сенатор Шуҳрат Ғаниевнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган нутқи салбий эътирозларга сабаб бўлгани муҳокама қилинди.
Аввалроқ Фарғона вилояти ҳокими соқол, рўмол ва иш жойларида намозга қарши чиқиб, бунга бўйсунмаганларни қамаш билан таҳдид қилгани ёзилган аудио тарқалган эди. Ушбу фикрлар ижтимоий тармоқларда, турли сайтларда аҳолининг эътирозига сабаб бўлди. Комиссия аъзолари томонидан Шуҳрат Ғаниевнинг ушбу хатти-ҳаракати кескин танқид қилиниб, қораланди. Қатъий чора кўриш сўралди.
– Халқимизда ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир, деган нақл бор. Фарғона вилояти ҳокими, сенатор Ш.Ғаниев маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари ва фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилишда фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига путур етказадиган, шаъни ва қадр-қимматини камситадиган иборалардан фойдаланганлиги ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда, – деди сенатор Мақсуда Варисова. – Буни сенатор сифатида қаттиқ қоралайман. Ахир, гап рўмол ҳақида кетса, оналаримиз, мунис аёлларимиз, қизларимиз, келинларимиз доим рўмол боғлаб юришган. Инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланаётган шундай замонда бу фикрларни оқлаб бўлмайди.
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида“ги қонуннинг 11-моддасида депутат, сенатор одоб қоидаларига қатъий риоя этиши лозимлиги белгиланган.
Шу билан бирга Сенатнинг 2017 йил 28 мартдаги тегишли қарори билан тасдиқланган Сенат аъзоларининг одоби қоидаларига кўра сенатор ўз фаолиятида жамиятда умумий қабул қилинган ахлоқ-одоб принципларига қатъий риоя этиши, фуқароларнинг, мансабдор шахсларнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини ҳурмат қилиши, шунингдек, сенатор номига доғ туширадиган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши керак.
– Бу фикрлар мени аёл сифатида ларзага солди, – деди сенатор Гавҳар Алимова. – Бугунги кунда мамлакатимизда миллий қадриятларимизни асраш, урф-одатларимизни, анъаналаримизни сақлаш ва ривожлантириш, ёш авлодга етказиш борасида тизимли ишлар қилинмоқда. Бунга мисол сифатида Қўқон шаҳрида ўтказилган Халқаро ҳунармандчилик фестивалини айтиш мумкин. Шунда опа-сингилларимиз чиройли миллий либосларда, қадриятларимизни олиб чиққани қанчалик ҳузур бағишлайди. Хотин-қизларга қаратилаётган эътибор эса ҳар доимгидан кучли. Шундай пайтда ушбу фикрларни билдирган сенаторимизнинг хатти-ҳаракатини умуман оқламайман.
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев бунга қуйидагича изоҳ берди:
– Бугунги даврда инсон қадр-қиммати, унинг ҳуқуқ ва эркинлиги ҳамма нарсадан устун. Ижтимоий тармоқларда тўғри муҳокама бўлган, айбимни тан оламан. Ота-онам, опа-сингилларим, фарзандларим ҳам миллий либосда кийинади. Мен ҳам уйда миллий либосда юраман. Ўша мажлисда қуюшқондан чиқиб кетганман. Имконият берсангиз, хулоса чиқариб, меҳнат қиламан.
Сенат комиссияси йиғилишида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга қатъий огоҳлантириш ва 3 ой синов муддати берилди.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА