USD 10500.03
EUR 12607.39
RUB 140.7

Шанба, 20 Апрель

Сайт тест режимида ишлаяпти. Ноқулайликлар учун узр сўраймиз.

Сайловда ҳаққонийлик қандай таъминланади?

Сайловда ҳаққонийлик қандай таъминланади?

“Сайлов – 2019”

Ўзбекистон муҳим сиёсий жараён – сайловлар арафасида. Мазкур сайлов Ўзбекистоннинг янги тарихидаги илк сайлов бўлиши билан бирга, янгича руҳда ўтиши кутилмоқда. Хўш, сайлов жараёнлари қандай ташкил этилади? Сайловдан кутиладиган асосий талаб – ҳаққонийлик қандай таъминланади?

ЎзА мухбири шу каби масалалар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Маҳмуд ИСТАМОВ билан суҳбатлашди.

– Маҳмуд Шуҳратович, сайловни ҳаққоний ўтказишнинг асосий принциплари очиқлик ва ошкораликнинг таъминланиши билан боғлиқ. Бу йилги сайловларда мазкур тамойил қандай таъминланади?

– 2019 йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига бўладиган сайловлар бу гал тубдан фарқ қилади. Чунки давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсатида нақадар улкан ижобий ўзгаришлар ва юксалишлар рўй бераётганини, нафақат халқимиз, балки олам аҳли кўриб, хайрихоҳ бўлиб турибди.

Халқимизнинг онгу тафаккури ўзгарди. Фуқароларнинг сиёсий онги ва маданияти ўсиб бораётгани, жамиятда демократия, очиқлик ва ошкоралик таъминланаётгани бўлиб ўтадиган сайловларда яна бир бор намоён бўлиши шубҳасиз.

Бундан ташқари, жорий йилги сайловлар янги қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ўтказилади. Ушбу ҳужжатда сайловларни умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ўтказишга хизмат қиладиган ўттиздан ортиқ янги норма ва қоидалар жой олди. Илгари амалда бўлган кўплаб чекловлар чиқариб ташланди.

Эндиги сайловлардаги ҳар бир овоз эътиборга олинади ва ҳар бир фуқаро давлат ҳокимияти вакиллик органларини шакллантиришда бевосита иштирок этади. Сайловларда очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик амалда кенг таъминланади. Бу – участка сайлов комиссияларидан то Марказий сайлов комиссиясигача – барча даражадаги сайлов комиссиялари ўз ишини юксак масъулият ва энг юксак демократик принциплар асосида амалга оширишида ўз ифодасини топади.

Бўлажак сайловларга “Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар” деган ҳаётий сўзлар шиор сифатида танлангани бежиз эмас.

– Халқаро кузатувчилар аввалги сайловлардагидан кўра кўпроқ бўлиши, хусусан Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) вакиллари сайловга тайёргарликдан то овоз беришгача бўлган барча жараёнларни кузатиши айтилмоқда. Бу қанчалик асосли ва амалда қандай натижа беради?

– Сайловларнинг халқаро кузатуви дунёда тан олинган амалиёт. Чунки хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар кузатувчиларининг иштироки демократик сайловларни очиқ ва ошкора ўтказишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Айни шу мақсадда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси томонидан ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросига (ДИИҲБ) Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловларига тайёргарликнинг боришини баҳолаш учун таклифнома юборилган эди.

Эҳтиёжларни баҳолаш бўйича миссия (ЭБМ) сайловолди муҳити ва уларга тайёргарлик жараёни, мамлакатимизда эркин ва демократик сайловлар ўтказилишини таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларни ижобий баҳолади. ЕХҲТ Доимий кенгаши томонидан мамлакатимизда жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловларга тўлақонли кузатув миссиясини юборишни мақсадга мувофиқ, деб топди.

Сайлов кодексининг қабул қилиниши ва унинг ЕХҲТ/ДИИҲБ ва Венеция комиссияси экспертизасидан ўтказилгани тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда. ЭБМ томонидан тақдим этилган ҳисоботда муҳим ижобий ўзгаришлар санаб ўтилган. Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг аҳолини бўлажак сайловлар борасида кенг хабардор қилиш режалари, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларини сайловларни ўтказишнинг барча жиҳатлари бўйича сифатли ўқитишга йўналтирилган каскад услубидаги тренингларни бутун мамлакат бўйлаб ташкил этиш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини амалиётга жорий этиш, имконияти чекланган фуқароларнинг овоз беришда иштирок этиши учун зарур шароит яратиш шулар жумласидандир.

– Электрон сайлов тизими жорий этилиши қандай кечмоқда? Аввалги сайловларда учраган оилавий овоз беришга чек қўйиладими?

– Бугун замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кириб бормаган соҳанинг ўзи қолмади. Сайлов тизими ҳам бундан мустасно эмас. Электрон тизимнинг сайлов жараёнларида қўлланиши нафақат сайлов ташкилотчилари ишини осонлаштиради, балки сайловларнинг шаффофлигини янада кенгроқ таъминлашга хизмат қилади.

Бу борада мамлакатимизда муайян ютуқларга эришилаётирки, буни жорий йилда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини (СЯЭР) шакллантириш ишлари жадал давом этаётганидан билса бўлади. Ушбу тизим илк бор 2017 йил декабрь ойида Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов давомида синовдан ўтказилди. Тизимнинг синов жараёнида юзага келган айрим камчиликларини бартараф этиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2018 йилда “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга асосан ҳозир тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда СЯЭРни тўла шакллантириш ишлари якунига етказилмоқда.

СЯЭР асосида Сайлов жараёнини бошқариш бўйича ахборот тизими (СЖБАТ) шакллантирилди. У ўз ичига бир қанча вазифаларни олади ва фуқароларни сайлов участка комиссияларига тақсимлаш, сайловчини ўзи яшаб турган жойга алоқадор участка ҳақида маълумот олиш ҳамда округ сайлов комиссиялари ва участка сайлов комиссиялари фаолиятини осонлаштириш имкониятини беради.

Сайлов куни овоз бериш учун келган юртдошларимиз СЖБАТ операторларига мурожаат қилади ва сайлов бюллетенини олиб, овоз бериш кабинасида ўз номзодини қўллаб-қувватлайди. Натижада бир вақтнинг ўзида, сайловда иштирок этганларнинг тўлиқ рўйхати автоматик тарзда шакллантирилади. Бу бир шахснинг бир неча маротаба овоз бериши ёки бир кишининг бутун оила аъзолари учун овоз беришининг олдини олиш имконини беради.

Шу билан бирга, Марказий сайлов комиссиясининг сайлов жараёнларидаги фаолиятини осонлаштириш ва қўшимча қулайлик яратиш мақсадида “Сайлов – 2019” мобиль иловаси ишлаб чиқилди. Унда сайловга оид қонун ҳужжатлари, сайлов комиссиялари фаоллари ҳақида маълумотлар, сайловчилар, комиссия аъзолари, сиёсий партиялар ва номзодлар ҳамда кузатувчилар учун услубий тавсиялар, сайлов фаолларининг билимини оширишга доир ўқув материаллари, китоблар ва мақолалар, сайлов мавзуси бўйича савол-жавоблар ўрин олади. Шунингдек, сайловчиларга ўз сайлов участкасини топишида кўмаклашиш учун махсус ҳавола ҳам жойлаштирилади.

– Ижтимоий тармоқларни кузатганда айрим юртдошларимизда сайловларга нисбатан ишончсизлик борлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Баъзилар сайлов ҳаққоний ва адолатли ўтмаслигини, баъзилар сиёсий партиялар фақат сайлов олдидан пайдо бўлиб, ваъдалар беришини, сўнг берган ваъдаларини амалда бажармаслигини ошкора танқид қилмоқда. Бундай фикрларга қандай жавоб берган бўлардингиз?

– Жавобим аниқ: одамларимиз ўтмишдаги сайловлардан қолган бундай шубҳа-гумонларни дилидан бутунлай чиқариб ташлайдиган пайт келди. Нега? Аввало, мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида, хусусан, электрон нашрларда, ижтимоий тармоқларда юртдошларимизнинг ўз фикрларини очиқ-ошкора, дадил айтаётганининг ўзи жуда қувонарли. Айни пайтда бу сайловларимизнинг демократия тамойиларига асосида, ҳалол ва адолатли ўтишининг ўзига хос кафолати, жамоатчилик назоратининг ўзига хос шакли ҳамдир. Қаердаки жамоатчилик назорати кучли бўлса, ўша ерда одамларда ишончсизлик, шубҳа-гумон уйғотадиган қаллобликларнинг олди олинади. Жумладан, сайловлар жараёнида ҳам.

Ўзбекистонда тобора мустаҳкам қарор топиб бораётган сўз ва матбуот эркинлиги, оммавий ахборот воситаларидаги, ижтимоий тармоқлардаги кескин жонланиш, юқорида таъкидлаганимиздек, мамлакатимизнинг замонавий демократик давлат сифатида дунёга дадил бўй кўрсатаётганининг ёрқин далилидир.

Шуларнинг ўзи сайловларнинг умумэътироф этилган демократик тамойиллар асосида ўтишига хизмат қиладиган муҳим омил эмасми? Бир ҳол аниқ: бу галги сайлов кампаниясида баҳс, рақобат ҳар қачонгидан кучли ва қизиқарли бўлади. Эътибор беринг, битта депутатлик мандати учун бешта сиёсий партиянинг номзодлари баҳсга киришади. Ҳар бир сиёсий партия ҳар бир сайлов участкасига сайлов куни бир нафардан ўз кузатувчисини қўйса, бунинг устига, у ерда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларидан, номзодларнинг ишончли вакиллари, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар, хорижлик ва маҳаллий журналистлару блогерлар ҳам ҳозир бўлса, уларнинг барчаси (камида етти-саккиз киши) овоз бериш жараёнини синчковлик билан кузатиб борса, сайловларнинг натижаларини сохталаштиришнинг имкони қолармикин? Йўқ, қолмайди! Бундай очиқ-ошкоралик, шаффофлик, кенг кўламли кузатув илгариги сайловларда кузатилмаган ҳол.

Қайси партия, қайси номзод ўз сайловолди дастурларида электоратнинг дарду ташвишларини, орзу-ниятлари, қизиқишларини кўпроқ ифодаласа, сайловчилар ўшани қўллаб-қувватлайди. Ўша партиянинг номзоди депутатлик мартабасига мушарраф бўлади. Бу – ҳам қонуний, ҳам табиий.

Демократик плюрализм шароитида халқимизга хос бағрикенглик ва олижаноблик, меҳр-оқибат, иззат-ҳурмат, юксак сиёсий-ҳуқуқий маданият ҳам кенг намоён бўлишига шубҳа йўқ. Сайлов кампанияси даврида партиялар ва номзодлар ўзаро рақобатга ва баҳсга киришиш асносида ана шу қадимий анъаналаримизни, фазилатларимизни унутмаслиги керак. Баъзи мамлакатларда бўлгани каби бир-бирини ёмон отлиқ қилиш, бир-бирининг устига мағзава ағдариш на демократия тамойилларига, на одоб-ахлоқ нормаларига ва на инсон маънавиятига тўғри келади.

Яна бир ҳақиқат шундаки, сайловларнинг кўппартиявийлик ва муқобиллик, ошкоралик ва транспарентлик тамойиллари асосида, дунёда умумэътироф этилган демократик стандартларга мос ўтиши – кўп жиҳатдан сиёсий партияларнинг ушбу жараёнга пухта тайёргарлик кўриши ҳамда чуқур ўйланган янги ғоя ва мақсадлар, дастурлар билан фаол иштирок этишига боғлиқ.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, қайси партияга мансублигидан қатъи назар, барча юртдошларимизни бирлаштирадиган ягона ва муштарак мақсад – бу жонажон Ўзбекистонимиз, унинг буюк келажагидир. Айни шу мақсад ҳаммамизни Она юртимизга садоқат билан хизмат қилишга даъват этади.

ЎзА мухбири

Норгул АБДУРАИМОВА

суҳбатлашди

Норгул Абдураимова, ЎзА