USD 10500.03
EUR 12607.39
RUB 140.7

Пайшанба, 25 Апрель

Сайт тест режимида ишлаяпти. Ноқулайликлар учун узр сўраймиз.

Бу йил сайловларда илк бор 5 та сиёсий партия ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқига эга

Бу йил сайловларда илк бор 5 та сиёсий партия ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқига эга

Тошкент вилоятида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 13 та, халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи 626 та сайлов округи ҳамда 950 та участка сайлов комиссияси тузилади.
Бу ҳақда вилоят адлия бошқармасида “2019 йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга пухта тайёргарлик кўриш ва ўтказишнинг ташкилий-ҳуқуқий масалалари” мавзуида ўтказилган семинарда маълум қилинди.
Семинарда адлия бошқармаси масъуллари, ҳуқуқшунос олимлар ва мутахассислар томонидан сайловларни ташкил этиш бўйича миллий сайлов қонунчилигимизда белгиланган талаблар, янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти, жорий йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларни ташкил этишга кўмаклашишда маҳаллий ҳокимият органларининг вазифалари, шунингдек, сайлов жараёнини юқори савияда ташкил этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Бу йил мамалакат парламенти ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар илк бор Ўзбекистон Республикасининг янги Сайлов кодекси асосида ўтади. Сайловларда биринчи марта 5 та сиёсий партия номзодларини илгари суриш ҳуқуқига эга. Сайловларда 20 миллиондан зиёд сайловчи, шу жумладан, 2 миллиондан ортиқ ёшлар илк бор иштирок этиши кутилмоқда.
Янги Сайлов кодексига асосан эндиликда сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига бўлажак сайловларда 135 эмас, балки тўлиқ 150 сайлов округидан номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади. Ўзбекистон Экологик партиясига берилган квота чиқарилгани партиялараро рақобатни кучайтиришга хизмат қилади.
Семинар иштирокчиларининг мавзуга оид саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди.

 

Авазбек Худойқулов, ЎзА