Ўқитувчи ва мураббийлар эъзозланди

Ўқитувчи ва мураббийлар куни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кенг нишонланди.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқа театрида бўлиб ўтган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов йиғилганларни айём билан қутлаб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Таъкидланганидек, барчамизга билим ўргатган, ҳаёт сабоғини берган муаллимларга чуқур ҳурмат кўрсатиб, уларга ҳамиша чин қалбдан таъзим қиламиз. Бугунгидек мураккаб даврда фарзандларимизни келажакка тайёрлаб, соғлом ва етук инсонлар қилиб вояга етказиш, бу ўқитувчи ва мураббийлар машаққатли меҳнатининг маҳсулидир.
Қорақалпоғистон Республикасида 49 та мактабгача таълим муассасасида 90 миллиард сўмлик,95 та умумий ўрта таълим мактабида 167 миллиард сўмлик, 4 та болалар мусиқа ва санъат мактабида, 7 та спорт объектида 52,2 миллиард сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилган бўлса, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида, Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиалида 141 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Умумий ўрта таълим мактабларининг моддий-техник базаси ҳамда инфратузилмасини мустаҳкамлаш мақсадида маҳаллий бюджетдан 150,5 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда ўқувчи-ёшлар турли кўрик-танловларда, спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришиб келмоқда. Жумладан, Жанубий Африка мамлакатида бўлиб ўтган математика бўйича халқаро олимпиадада Чимбой туманидан Д.Дилмурадовнинг учинчи ўринни эгаллагани, спорт курашлари бўйича Қозоғистонда ўтказилган жаҳон чемпионати беллашувида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси Ж.Бердимуратов совринли ўринни эгаллаб, келгуси йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиадага лицензияни қўлга киритганлиги, дзюдо бўйича Гран-при туркумига кирувчи Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган халқаро мусобақада Амударё туманидан Ш.Болтабоевнинг биринчи ўринни эгаллагани, қиличбозлик бўйича марказий Осиё конфедерация очиқ турнирида Нукус шаҳридан З.Дайибекованинг олтин, А.Уснатдинованинг бронза медалларини қўлга киритганлиги барчамизни қувонтирди.
Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Президентимизнинг фармонига мувофиқ Оролбўйидан бир гуруҳ устоз ва мураббийлар ватанимизнинг фахрий унвонлари, орден ва медаллари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасининг фахрий унвонлари ва “Ватан фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Тадбирда унвонлар, орден ва медаллар, кўкрак нишонлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
– Таълим соҳасига қаратаётган катта эътибори ва ғамхўрлиги учун давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз, – дейди Нукус шаҳридаги 46-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси, “Шуҳрат“ медали соҳибаси Камила Ешимбетова. – Давлатимиз раҳбари табригида таъкидланганидек, ҳақиқатан ҳам, ўзининг кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини ёш авлод тарбиясига бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати, жасорати ҳар қандай юксак баҳоларга муносибдир.
Тадбирда санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш этилди.
Байрам муносабати билан Нукус шаҳрида, туман марказларида ўқитувчи ва мураббийлар учун сайл ташкил этилди.
photo_2019-10-01_18-17-24.jpg
photo_2019-10-01_18-17-26.jpg
photo_2019-10-01_18-17-25.jpg

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА