Болалар кўзида қувонч излаб...

Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги 1-меҳрибонлик уйи раҳбари Светлана Сон фидойи мураббия. У қарийб 45 йилдан буён баркамол авлод тарбияси йўлида меҳнат қилиб келмоқда. 1973 йили Самарқанд давлат университетини тамомлаган ёш мутахассис меҳнат фаолиятини ушбу меҳрибонлик уйида тарбиячилик қилишдан бошлаган.
-Бугунги кунда муассасамизда 126 нафар боқувчисидан айрилган ва кам таъминланган оилалар фарзандлари тарбияланмоқда. Болаларнинг яхши тарбияланиши, вақтида дам олиши, овқатланиши, таълим олиши, ҳунар ўрганиши, ижод ва спорт билан шуғулланиши учун барча шароит мавжуд. Хусусан, 140 ўринли ётоқхона, 100 ўринли ошхона, кутубхона, компьютер хонаси, спорт зали, ёпиқ сув ҳавзаси, мини футбол майдончаси улар ихтиёрида. Бундан ташқари, ёш китобхон, компьютер саводхонлиги, созандалик, рақс, шахмат-шашка, кураш, футбол, баскетбол, сузиш каби 20 га яқин тўгараклар ташкил қилинган, – дейди Светлана Сон.
Дарҳақикат, меҳрибонлик уйи раҳбари таъкидланганидек, тарбияланувчилар ижодий кўрик-танлов, фестиваль ва спорт мусобақаларида муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Муассасанинг бир неча иқтидорли ўқувчиси «Янги авлод» ва «Камалак юлдузлари» болалар ижодиёти фестивалларида кўп маротаба совринли ўринларни қўлга киритган. «Тонг ғунчалари» миллий фольклор ансамбли ва «Қарс» мусиқий гуруҳи республика миқёсида ўтказиладиган байрам тадбирларида ўз концерт дастурлари билан мунтазам қатнашади.
Меҳрибон устоз Светлана Соннинг хизматлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланган. 2007 йили Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, 2018 йил 2-даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан тақдирланган. 2019 йили «Мўътабар аёл» кўкрак нишони билан мукофотланган.
6.jpg
9.jpg
10.jpg
15.jpg

 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА