Курашчиларимиз жаҳон чемпионатидан қайтиб келишди

Хабарингиз бор, шу йил 1-4 сентябрь кунлари Жанубий Кореянинг Чонгжу шаҳрида Бутунжаҳон жанг санъатлари фестивали доирасида кураш бўйича XII жаҳон чемпионати ҳам ўтказилди.
Мусобақада Ўзбекистон миллий терма жамоаси тўлиқ таркибда қатнашиб, якунда полвонларимиз 13 та медалга сазовор бўлишди. Вакилларимиз 9 та олтин, иккитадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишган ҳолда норасмий умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.
5 сентябрдан 6 сентябрга ўтар кечаси кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари юртимизга қайтиб келди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ғолиб спортчиларни мусиқа садолари остида Жисмоний тарбия ва спорт ҳамда Ички ишлар вазирликлари, шунингдек Ўзбекистон кураш федерацияси масъуллари, спортчиларнинг оила аъзолари ҳамда ОАВ ходимлари тантанали кутиб олишди.
– Бу сафарги жаҳон чемпионати ҳар қачонгидан қийин кечди, – деди аёллар ўртасида -52 кг. вазн тоифасида жаҳон чемпионлигини муносиб ҳимоя қилган терма жамоамиз аъзоси Гулнор Сулаймонова. – Чунки кураш дунёнинг барча қитъаларида жадал ривожланмоқда. Жанубий Кореяда ўтказилган жаҳон чемпионати буни яна бир карра тасдиқлади. Шундай бўлса-да машғулотлар жараёнидаги машаққатли меҳнатларимиз ўз самарасини бериб, халқимиз ва мухлисларимиз ишончини оқладик.
Кураш бўйича XII жаҳон чемпионатида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар рўйхати:
Эркаклар:
-60 кг. Аброр Жабборов – олтин
-73 кг. Умид Эсонов – олтин
-81 кг. Сарвар Шомуродов – олтин
-90 кг. Шермуҳаммад Жандриев – олтин
-100 кг. Эркин Дониёров – олтин
+100 кг. Муҳсин Ҳисомиддинов – олтин
-66 кг. Қобилжон Аҳмедов – кумуш
Аёллар:
-48 кг. Моҳинур Мўминова – олтин
– 52 кг. Гулнор Сулаймонова – олтин
-70 кг. Нилуфар Эргашева – олтин
+87 кг. Рината Илматова – кумуш
-57 кг. Маҳлиёхон Юлдошева – бронза
-87 кг. Раҳима Йўлдошева – бронза
Aeroport-kurash (1).jpg
Aeroport-kurash (8).jpg
Aeroport-kurash (14).jpg
Aeroport-kurash (15).jpg
Aeroport-kurash (10).jpg

 

О.ЭШМАМАТОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА