“Шарқ тароналари“: дўстлик ва ҳамжиҳатлик тараннуми

Самарқанд шаҳрида 30 август куни “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивали якунланди.
Мусиқа, қўшиқ инсон қалбида энг нафис туйғуларни уйғотувчи, кишини руҳлантириб, эзгу ишларга бошловчи қудратли куч. Тил, миллат танламайдиган наволар таржимонсиз, ҳеч бир воситасиз инсон юрагига кириб боради. Дилларни дилларга, элларни элларга боғлайди. Тинчликни, маданиятни, маънавиятни тарғиб этади, инсонийликни улуғлайди.
1997 йилдан буён ҳар икки йилда мунтазам ўтказиб келинаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. Ўтган йиллар мобайнида мазкур санъат форуми дунё халқлари миллий мусиқа маданияти анъаналарини асраб-авайлаш, тарғиб этиш, тили, дини, миллатидан қатъи назар, барча халқларни санъат орқали яқинлаштириш ва улар ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлайдиган нуфузли фестивалга айланди.
Фестиваль “Шарқ тароналари” деб номланса-да, унда сайёрамизнинг барча қитъаларидан хонанда ва созандалар, мусиқашунослар иштирок этиб, ўз миллий куй-қўшиқларини ижро этмоқда, анъана ва қадриятларини намойиш қилаётир.
Шу пайтгача ўн бир марта ўтказилган ушбу мусиқа анжуманида дунёнинг 114 давлатидан вакиллар қатнашган. Биргина жорий йилнинг ўзида иштирокчи давлатлар сони 75 тани ташкил этди. Фестиваль танлов дастурларида эса 32 мамлакат мусиқий жамоаси, хонанда ва созандалар қатнашди. Аргентина, Мьянма давлатлари ва Фижи ороллари вакиллари “Шарқ тароналари”да илк бор иштирок этди.
Фестивалнинг тантанали очилиш маросимида Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, сайёрамизда турли келишмовчилик ва қарама-қаршиликлар, уруш ва низолар авж олган таҳликали замонда, одамзот тобора ўз дунёсига ўралиб бораётган бир шароитда, мусиқа инсонга инсонлигини эслатиб, унинг қалбида келажакка умид ва ишонч уйғотади.
Бу фикрларни БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош директори Одри Азуле хоним ҳам алоҳида қайд этди.
– Жалолиддин Румий “О рубоб оҳанги, қайдан пайдо бўлурсан?” деб ҳайратланган эди. Биз эса бу саволга жавобан “Оҳанг, шубҳасиз, ўзаро алоқа, ҳамкорлик натижасидир” дея жавоб беришимиз мумкин, – деди Одри Азуле табрик сўзида. – Зеро, маданиятлар бир-биридан айро ҳолда тараққий этмайди. Улар ўзаро мулоқот натижасида ўсади, ривожланади. Бугун Самарқанд заминида ўтаётган фестиваль дастури айни шу фикрнинг яққол тасдиғидир. Мазкур фестивалда биз умумбашарий қадриятларни яна бир бор ҳис қилишимизни айтиш лозим.
Бу жиҳатлар фестиваль доирасидаги тадбирларда яна бир бор ўз ифодасини топди. Регистон майдонидаги асосий саҳнада, шунингдек, Самарқанд шаҳри, Оқдарё, Пастдарғом, Жомбой, Самарқанд, Ургут туманларидаги истироҳат боғлари, мусиқа ва санъат мактабларида дунё халқлари куй-қўшиқлари янгради. Дўстлик, ҳамжиҳатлик, аҳиллик мадҳ этилди.
Ўн иккинчи фестиваль аввалгилардан бироз ўзгача ўтказилди. Қатнашчилар профессионал тарздаги халқ мусиқа ва қўшиқлари ҳамда анъанавий йўлда ижод қилинган замонавий мусиқа ёки қўшиқ йўналишларида танловда иштирок этди. Уларнинг чиқишларини турли давлатлар мусиқашунослари ва бастакорлар, халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат 11 нафар ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.
Самарқанд шаҳридаги музейлар, ҳунармандлар марказлари ва меҳмонхоналарда фестиваль тарихига оид суратлар, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари, чолғу асбоблари кўргазмалари намойиш этилди. Аждодларимиздан мерос бир неча асрлик тарихий обидалар, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, таълим муассасалари, замонавий ишлаб чиқариш корхоналари, Амир Темурнинг тарихий боғларига саёҳатлар уюштирилди.
Анъанага кўра, фестиваль доирасида “Шарқ халқлари анъанавий мусиқа санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда 10 дан ортиқ хорижий давлатлар, юртимиз санъатшунос олимларининг маърузалари тингланди, тақдимотлар ўтказилди.
Регистон майдонидаги амфитеатрда фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлар, юртимиз маданияти ва санъати намояндалари, жамоатчилик вакиллари халқаро мусиқа анжуманининг тантанали ёпилиш маросимида жам бўлди.
Фестиваль қатнашчилари ва ҳакамлар ҳайъати тадбирларнинг юқори савияда ташкил этилгани, юксак ҳурмат-эҳтиром ва самимий меҳмондўстлик учун мамлакатимиз раҳбариятига, халқимизга миннатдорлик билдирди.
26-30 август кунлари дунё санъат аҳлининг бош саҳнасига айланган Регистондаги амфитеатрда “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивали ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Дастлаб, фестиваль қатнашчилари “Энг яхши либос ва мусиқа уйғунлиги”, “Меҳр-оқибатни тараннум этгани учун”, “Шарқ халқлари мусиқа санъати жонкуяри”, “Анъаналарга содиқ жамоа”, “Қадриятлар давомчиси” каби номинациялар бўйича тақдирланди. Самарқанд вилояти ва шаҳар ҳокимлиги ҳамда бошқа ташкилотларнинг махсус мукофотлари топширилди.
Номинация ғолибларига диплом, 500 АҚШ долларидан пул мукофоти ва эсдалик совғалари топширилди.
Саҳнага Тожикистон (“Бадахшон” жамоаси) ва Россиядан (“Айархан” жамоаси) келган жамоалар ҳамда Ўзбекистон вакиллари – Азизжон Абдуазимов ва Улуғбек Элмуродзода таклиф этилди. Уларга фестивалнинг учинчи даражали дипломлари, 2 минг АҚШ долларидан пул мукофоти ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Иккинчи ўринга Туркманистоннинг “Арчабил” ва Мўғулистоннинг “Хатан” жамоалари сазовор бўлди. Уларга 3,5 минг АҚШ долларидан пул мукофоти, диплом ва бошқа совғалар топширилди.
Профессионал халқ мусиқа ва қўшиқлари ҳамда анъанавий йўлда ижод қилинган замонавий мусиқа ёки қўшиқ йўналишлари бўйича биринчи ўринга Қирғизистонинг “Қомузчилар” дуэти ҳамда Озарбайжондан келган Парвиз Гасимов муносиб топилди. Уларнинг ҳар бири 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ниҳоят, ҳаяжонли лаҳзалар бошланди. “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивалининг бош соврини – Гран-при Ўзбекистон вакили Меҳринигор Абдурашидовага берилгани маълум қилинди.
Маросим қатнашчилари Меҳринигорни қизғин олқишлар билан қўллаб-қувватлади.
photo5424703064360725405.jpg
– Дунёдаги нуфузли санъат фестивали ғолиби бўлганимдан чексиз ҳаяжон ва қувончдаман, – дейди Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси Меҳринигор Абдурашидова. – Аслида “Шарқ тароналари”да иштирок этиш, Регистонда қўшиқ куйлашнинг ўзи катта шараф. Бу фестивалда ғолиб бўлиш эса барча иштирокчиларнинг энг катта орзуси ҳисобланади. Менга бу йил ана шундай бахт насиб этди. Фурсатдан фойдаланиб, санъатимизни юқори баҳолаган ҳакамларга, мени қўллаб-қувватлаган томошабинларга ва албатта, устозларимга миннатдорлик билдираман.
Маросимда юртимиз санъат усталари ва ёш ижрочилар, фестиваль ғолиблари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари 2021 йилда яна Самарқандда учрашиш ниятида хайрлашди.
Фестиваль ғолибларини тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ўринбосари К.Оқилова ҳамда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов иштирок этди.
40(1).jpg
54(1).jpg

 

Ғолиб ҲАСАНОВ, Хуршид ҚОДИРОВ, Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА