31 август – жаҳон сиёсий харитасида  мустақил Ўзбeкистон давлати ташкил топган кун

Тарихдаги муҳим воқеаларга бой 31 август ҳам турли йилларда юз берган воқеа-ҳодисаларни ўзида жам этган.
Бугун малайзияликлар ўзларининг миллий байрами – “Миллий кун“ни нишонлаётган бўлса, қирғизистонликлар – Давлат мустақиллиги кунини байрам қилишяпти.
31 август Ўзбекистонда Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонланади.
Ўзбeкистон тарихида:
870 йил – ислом оламининг йирик мутафаккири, муҳаддислар имоми, ҳадис илмининг султони Имом ал-Бухорий (810–870) Самарқанд яқинидаги Ҳартанг қишлоғида дунёдан кўз юмди. У йигирмадан ортиқ китоб тасниф этган. Бухорийнинг “Ал-Жомиʼ ас-саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”) деб номланган 4 жилд (жуз)дан иборат ҳадислар тўплами ислом оламидаги бошқа муҳаддислар тузган ҳадис тўпламлари орасида энг ишонарли ва мукаммалидир.
1865 – Усмонийлар ҳукумати Қўқон хони Султон Сайидхоннинг чор Россияси тажовузига қарши курашда ёрдам сўраб ёзган илтимосини “Мажлиси махсус”да муҳокама қилаётган бир пайтда Қўқон амирлашкари Алимқулнинг ўлими ва чор Россияси қўшинларининг Тошкентни ишғол қилганлиги хабари Истанбулга етиб келади. Усмонийлар султони Абдулазиз (1861–1879) фармонига кўра, Қўқон ва Бухорога мактуб ёзилиб, элчиларга йўл харажатлари учун маблағ ажратилади. Мактубда султон Абдулазиз Ўрта Осиё хонларини бирдамликка чақиради.
1912 йил – геолог олим, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ҳабиб Абдуллаев (1912–1962) дунёга келди.
1920 йил – РСФСР Халқ Комиссарлар Совети давлатга топширилган пахта учун пахтакорларга нақд пул ёки натура билан тўлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Қарорда Америка чигитидан етиштирилган 1 пуд пахтанинг нархи собиқ совет пулига 1260 рубль деб белгиланди.
1920 йил – Бухорога ҳужум қилган совет қўшинлари томонидан шаҳарнинг тўла вайрон қилинишининг олдини олиш учун Бухоро амири Саид Олимхон Мохи Хосса орқали Ғиждувон томонга қараб чекинди.
1924 йил – РКП(б) Марказий Қўмитаси Ўрта Осиё бюроси Ўрта Осиё республикаларини чегаралаш юзасидан ўтказилаётган ташвиқот кампанияси тўғрисидаги директиваларни тўлдириш ва аниқлик киритиш ҳақидаги масалани кўриб чиқди.
1932 йил – Совет ҳукуматига қарши кураш ҳаракати раҳбарларидан бири, Иброҳимбек номи билан танилган Мулла Муҳаммад Иброҳимбек Чақабой Тўқсабо ўғли (1889–1932) қатл этилди. Бухоронинг собиқ амири Олимхон 1921 йил бошларида уни ўзининг бутун қўшинларига қўмондон қилиб тайинлаган эди.
1932 йил – Ўзбекистон халқ артисти Роман Ткачук (1932–1995) дунёга келди.
1940 йил – Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси Хайрихон Қурбонова таваллуд топди.
1952 йил – Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоиров дунёга келди. У 2001 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
1971 йил – Жиззах вилоятидаги Бахмал тумани қайта тузилди. У 1943 йил 8 майда ташкил этилган. 1957 йил 12 октябрда Ғаллаорол тумани билан бирлаштирилган эди.
1971-йил – Қашқадарё вилоятидаги Деҳқонобод тумани қайта тузилди. Мазкур туман 1926 йил 26 сентябрда ташкил этилган бўлиб, 1962 йил 24 декабрда Ғузор тумани билан бирлаштирилган эди.
1971 йил – Тошкент вилоятидаги Оҳангарон тумани қайта ташкил этилди. Унга 1929 йилнинг 29-сентябрида асос солинган, 1939 йилгача Қурама тумани деб аталган. 1957 йилда Ўрта Чирчиқ ва Тошкент туманлари таркибига қўшилган эди.
1991 йил – Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари 6-сессиясида Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги эълон қилиниб, Республиканинг давлат мустақиллиги тўғрисида Олий Кенгашнинг Баёноти қабул қилинди. Тегишли қарор билан Ўзбекистон ССР Ўзбекистон Республикаси деб аталди. 1-сентябр Мустақиллик куни деб белгиланди. Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида қонун қабул қилинди.
1993 йил – Тошкентда Амир Темур ҳайкали очилди.
1994 йил – “Ёғду” ҳафталик иқтисодий газетаси чиқа бошлади. У 1995 йил 21 январдан “Мулкдор” номи остида нашр этила бошланди.
1995 йил – Ўзбекистон Республикаси Осиё тараққиёт банкига аъзо бўлди.
1995 йил – Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси 1966 йил 16 декабрда қабул қилган Инсон ҳуқуқлари тўғрисида пактларга, шунингдек, Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро Конвенцияга қўшилди.
1995 йил – Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимлик карантини тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.
2000 йил – Ўзбекистон Республикасининг “Почта алоқаси тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.
2002 йил – Тошкентдаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуйида “Қатағон қурбонлари” музейи очилди. Музей Россия империяси ва совет ҳокимияти даврида Ватан озодлиги йўлидаги фаолияти учун қатағон этилган ватандошларимиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида ташкил қилинган. Бу миннатдор авлодларнинг ўз аждодлари хотирасига эҳтиромидир.
2004 йил – Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси фойдаланишга топширилди.
Жаҳон тарихида:
1492 йил – Москва князлиги ва Усмонлилар империяси ўртасида биринчи сулҳ шартномаси тузилди.
1806 йил – Император Александр I холисликни Россия ташқи сиёсатининг асосий принципи деб эълон қилди.
1821 йил – немис табиатшуноси Герман Гелмголтс (1821–1894) дунёга келди. У фанга эркин ва боғланган энергиялар деган тушунчани киритган.
1879 йил – Япониянинг 123-императори Ёсихито (1879–1926) таваллуд топди.
1907 йил – Петербургда Англия ва Россия ўртасида Ўрта Шарқдаги таъсир доиралар чегараларини белгилаш тўғрисида битим имзоланди.
1914 йил – Николай II фармони билан Санкт-Петербург шаҳри Петроград деб номланди.
1919 йил – ҳинд шоираси, адибаси Амрита Притам таваллуд топди. Унинг шеърлари Зулфия таржимасида ўзбек матбуотида чоп этилган. У Ғафур Ғулом, Ойбек, Зулфия, Асқад Мухторнинг баъзи асарларини панжоб тилига таржима қилган.
1954 йил – Арманистон давлат арбоби, мамлакатнинг 1998–2008 йиллардаги Президенти Роберт Кочарян дунёга келди.
1955 йил – Уилям Кобб Чикагода қуёш батареяли дунёдаги биринчи автомобилни намойиш қилди.
1957 йил – Малакка яриморолида турли султонликларни бирлаштирган Малайзия Федерацияси мустақилликка эришди.
1962 йил – Буюк Британиянинг Кариб денгизидаги мустамлакаси бўлган Тринидад ва Табаго мустақил давлат деб эълон қилинди. У 1976 йил 1 августда эса Республика деб эълон қилинди.
1994 йил – Ғарбий Германиядан Россия қўшинларининг чиқарилиши якунланди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади.

 

ЎзА