Мўйноқда қуёш фонарлари ўрнатилди

Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманидаги “Кемалар қабристони” ҳудудида Ўзбекистон экологик партияси томонидан “Оролбўйи – “яшил энергия” инновация ҳудуди” шиори остида экологик акция ташкил қилинди.
Мазкур акцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Экологик партияси вакиллари ва аъзолари, Ўзбекистон Экологик партияси “Ёш экологлар” қаноти фаоллари, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро вилояти партия ташкилоти ходимлари ва фаоллари, Мўйноқ шаҳри аҳолиси ёшлари ҳамда журналистлар иштирок этишди.
Экологик акция бошида тадбир иштирокчилари Мўйноқ туманининг экотуризм маркази “Кемалар қабристони”ни ободонлаштириш бўйича экологик ҳашар ташкил этилди. Ҳудуд турли чиқиндилардан тозаланди, сайёҳлар учун реклама баннерлари ўрнатилди ва Мўйноқ туманида экотуризм инфраструктурасини ривожлантириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини тарғибот қилиш мақсадида беғараз ёрдам тариқасида қуёш фонарлари ўрнатилди.
photo_2019-08-30_22-09-57.jpg
– Ўзбекистон тарихий-географик жойлашувига кўра, айниқса, қуёш энергияси энг истиқболли саналади, – дейди тадбирда иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Б.Алиханов. – Чунончи, 320 кун қуёшли бўлиши, яъни йиллик қуёш энергияси потенциали энергияга бўлган ички эҳтиёждан бир неча марта юқори имконият яратади. Ўзбекистонда қуёш энергиясининг ялпи салоҳияти 51 тонна нефть эквивалентидан ортиқдир. Мазкур ресурслар ҳисобидан мамлакатимизда йилда истеъмол қилинадиган электр энергиясидан 40 баробар кўп ҳажмдаги электр энергиясини ишлаб чиқариш мумкин.
Таъкидланишича, партия ташаббуси билан “Уз-Коргаз” қўшма корхонаси ҳомийлигида Мўйноқ туманининг Учсой қишлоғидаги қишлоқ врачлик пунктига умумий қуввати 1,2 кВтлик қуёш панели ва 200 литр ҳажмли қуёш коллекторини ўрнатиш бўйича келишувлар олиб борилмоқда.
photo_2019-08-30_22-10-08.jpg

 

Е.ҚАНОАТОВ, ЎзА