“Шарқ тароналари – 2019”

“Шарқ тароналари“ фестивали ҳакамлар ҳайъати аъзоси ўз қарашлари билан ўртоқлашди 
Самарқандда “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивали иштирокчиларининг танлов дастури якунланди.
Мазкур танловда иштирокчилар чиқишларини баҳолаш учун тўққиз нафардан иборат халқаро ҳакамлар ҳайъати тасдиқланган. Мазкур ҳайъат юқори малакали хорижлик олимлар, таниқли санъаткор, композитор ва бастакорлар, халқаро санъат фестиваллари ташкилотлари вакилларидан таркиб топган.
Ўзбекистон давлат концерваторияси профессори, бастакор, фестиваль халқаро ҳакамлар ҳайъати аъзоси Ойдин АБДУЛЛАЕВА ЎзА мухбири билан суҳбатда бу йилги фестиваль, унда иштирок этган жамоалар маҳорати ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Иштирокчиларнинг чиқишларини баҳолаш жараёнида қўшиқлар миллийлиги, шеърларнинг оҳанг билан мутаносиблиги ва мазмундорлиги, қатнашчилар ижро маҳорати, либос танлаш ва саҳна ҳаракатларига эътибор қаратилди. Танлов иштирокчиларининг чиқишлари икки йўналишда: профессионал даражадаги халқ мусиқа ва қўшиқлари ҳамда замонавий композиторлар томонидан басталанган мусиқа ва қўшиқлар ижро йўналишида баҳоланди.
Танловда Ўзбекистондан тўртта жамоа қатнашди. Уларнинг барчаси ёшлар. Ҳакамлар ҳайъати ўзбекистонлик иштирокчиларнинг чиқишларини илиқ кутиб олди. Ўзбекистонда мусиқага бўлган қизиқиш юқори экани, мамлакатда ёшларнинг мусиқага ошно тутуниши учун яратилган шароит алоҳида эътироф этилди.
Жаҳон мусиқаси йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Мусиқада янги ифода ва ижро воситаларининг кириб келиши, унинг амалиётда қўлланилиши кузатилмоқда. Бу эса фестиваль иштирокчилари ижодий чиқишларини баҳолашда жиддий ёндашувни талаб қилади. Шу боис келгусида “Шарқ тароналари“ халқаро фестивали низомини янада бойитиш, иштирокчилар учун қўйиладиган талабларни қатъий белгилаш зарурати туғилмоқда.
Бугунги кунда танловда икки йўналиш – вокал ва инструменталь мусиқа биргаликда иштирок этмоқда. Улар учун алоҳида номинацияларни жорий этиш мақсадга мувофиқ бўларди. Бундан ташқари, жорий йилда электрон чолғулардан фойдаланган жамоалар бўлди. Бу масалани ҳам низомда аниқ кўрсатиш мақсадга мувофиқ.
Самарқанд бутун дунё мусиқасеварлари учун иккинчи Ватанга айланиб улгурди. Соҳа илмий ривожланишига туртки бўладиган катта воқеликка айланди.
Бу эса Ўзбекистон фарзанди сифатида мен учун фахр.

 

Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА