Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёш истеъдод эгаларини аниқлаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда муносиб рағбатлантириш мақсадида ҳар икки йилда бир марта ташкил этиладиган «Ниҳол» давлат мукофотининг бу йилги совриндорлари аниқланди.

Қувонарлиси, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти мусиқий таълим йўналишининг икки талабаси – Муҳаммед Торебеков ҳамда Адилбек Бахтибаевлар совриндорлар қаторидан жой олди.

29 август куни Тошкент шаҳридаги «Халқлар дўстлиги» санъат саройида бўлиб ўткан тантанали тақдирлаш маросимида совриндорларга диплом ва статуэткалар топширилди.

Маълумот учун, «Ниҳол» мукофоти соҳиби бўлган Нукус давлат педагогика институти талабаси Муҳаммед Торебеков шу йилнинг март ойида Термиз шаҳрида бўлиб ўткан биринчи Халқаро бахшичилик фестивалида очиқ овозда достон куйлаш йўналишида 3-ўринни қўлга киритган эди. Адилбек Бахтибаев ҳам ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган жировчилик санъатини ривожлантириш ва дунёга намоён этиш бўйича ташкил этилган бир қатор маданий тадбирларда олий ўринларни қўлга киритиб келмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, шу кунга қадар Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтидан жами 6 талаба «Ниҳол» давлат мукофоти соҳиби бўлган.

Қўлга киритилаётган ушбу натижалар институтда Президентимизнинг беш ташаббуси доирасида амалга оширилаётган ишларнинг юксак самарасидир.

 

Ислам Матеков,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.