Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг матбуот хизмати тезкор маълумотига кўра, ўтган ҳафтада республикамиз автомобиль йўлларида жами 223 йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Натижада, 216 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган. 

Ҳафта давомида йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан 89 мингдан зиёд қоидабузарлик аниқланган бўлиб, уларнинг 46 минг 124 таси қўпол қоидабузарлик сифатида қайд этилган. Жумладан, 1 минг 783 ҳайдовчи транспорт воситасини маст ҳолда бошқаргани, 14 минг 373 нафари белгиланган тезлик талабларини, 1 минг 584 ҳайдовчи светофор ва чорраҳалардан ўтиш қоидасини, 13 минг 739 нафари одам ташиш қоидасини бузгани, 1 минг 343 ҳайдовчи ҳаракат вақтида телефондан фойдалангани, 13 минг 42 ҳайдовчи хавфсизлик камарларини тақмасдан ҳаракатлангани учун тўхтатилган. Уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чораларнинг бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги қайд этилганди. Нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида мутасадди раҳбарларга ҳайдовчи ва пиёдаларнинг йўлларда ҳаракатланиш маданиятини ошириш, йўлларни ҳаракат хавфсизлигини таъминлашнинг замонавий техник воситалари билан жиҳозлаш бўйича топшириқлар берилди.

– Айни кунларда бу борада амалий ишлар бошлаб юборилган, – дейди Республика ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Акмал Юнусов. – Жумладан, ҳайдовчи ва пиёдаларнинг йўлларда ҳаракатланиш маданиятини ошириш мақсадида таълим муассасаларида, корхона ва ташкилотларда, маҳаллаларда соҳа мутахассислари томонидан учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Йўлларда ҳаракатланиш қоидаларини бузган пиёдаларга нисбатан ходимларимиз томонидан воқеа жойининг ўзида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

 

Улуғбек Асроров, ЎзА