Ўзбекистон ҳожиларга яратилган шарт-шароитлар бўйича бешта энг илғор давлатлар қаторига киритилди

“Ҳаж – 2019” кундалиги
Кеча, 13 август куни юртимиз ҳожилари ҳаж амалларини мукаммал адо этиб, Мино водийсидан меҳмонхонага эсон-омон қайтди. Шу муносабат билан “Ҳаж – 2019” ишчи гуруҳи раиси Ж.Акрамов гуруҳ раҳбарлари билан йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда Ж.Акрамов барча гуруҳ раҳбарларини мавсумни рисоладагидек, тартибли ўтишида қўшган ҳиссасини эътироф этиб, уларни қутлади. Ўз навбатида, жорий ҳаж мавсуми бошқа йилларга қараганда анча енгил, осон, тартибли ўтганини таъкидлади.
Шунингдек, йиғилишда бу йил 7000 дан ошиқ юртдошимиз ҳаж амалларини мукаммал адо этгани, қувончли ва ибратли жиҳати бу йил Ўзбекистон энг тартибли, ҳожиларга яратилган шарт-шароитлар бўйича бешта илғор давлатлар қаторига киритилгани алоҳида айтиб ўтилди.
Ҳожиларимизнинг саломатликлари борасида шифокорлар гуруҳи раҳбари А.Соатов маълумот берди. У ҳожиларимиз соғ-саломат, кайфиятлари аъло даражада эканини айтди.
Юртимиз ҳожиларини ҳаж амалларини мукаммал адо этганлари билан муборакбод этамиз. Барчаларининг ҳажлари мабрур ҳажлардан бўлишини Яратгандан сўраймиз.
 
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати

 

ЎзА