Тожикистон ҳуқуқ тартибот идоралари Дубай (БАА)да Хўжа командир лақаби билан танилган, фуқаролар урушида Халқ фронтининг собиқ дала қўмондони бўлган Хўжа Каримовнинг ушланганини маълум қилди.
Тожикистон ИИВ матбуот котиби Умаржон Эмомалининг айтишича, айни дамда Каримовнинг Тожикистонга экстрадиция қилиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Собиқ қўмондон тожик томонининг сўровига биноан Интерпол томонидан ушланди.
13 йил муқаддам Тожикистондан қочиб кетган Хўжа Каримов 2000 йилдан бери халқаро қидирувда эди, унинг иши Интерполга топширилган. Унга кўра, Каримов 1992 йилдан 1997 йилга қадар бўлган даврда бир қатор оғир жиноятлар содир этганликда айбланади.
Каримовга нисбатан 2005 йил 20 сентябрь куни очилган жиноий ишда таъкидланишича, собиқ дала қўмондони қотиллик, ўғирлик, гаровга олиш ҳамда миллий ва халқаро характердаги бошқа жиноятларни содирэтганликдаайбланмоқда.
Тожикистондан қочиб кетгунга қадар Хўжа Каримов Мудофаа вазирлигининг махсус бригадаси қўмондонининг биринчи ўринбосари ва Тожикистон Футбол Федерациясининг раиси бўлиб ишлаган.

 

ЎзА