​Ишга жойлаштирмоқчи бўлган фирибгар қўлга тушди

Нукус шаҳрида яшовчи Жамшид Баҳромов (исми шарифлари ўзгартирилган) эски таниши Икром Анваровни ишга киритиб беришни ваъда қилиб, 2 минг 500 АҚШ долларни олаётганда ашёвий далил билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари томонидан ушланди. 
Албатта, ички ишлар органларига ишга жойлашишнинг ўз талаб ва қоидалари бор.
Афсуски, баъзилар бу борада қонуний йўлни унутиб, фирибгарларнинг тузоғи илиниб қолмоқда. Олий ўқув юртини тамомлаган Икром Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига ёки ички ишлар вазирлиги органларига ишга киришни мақсад қилади. Унинг ниятини билган Жамшид осон йўл билан бойлик орттиришни мақсад қилади.
Тез орада ишончига кириб, ўзининг юқори лавозимларда ишлайдиган танишлари орқали ишга киритишни ваъда қилади. Лекин унинг фирибгарлиги амалга ошмади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида Ж.Баҳромовнинг ноқонуний ҳаракати фош этилди.
Жиноят ишлари бўйича Тахтакўпир тумани суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, унга нисбатан тегишли жазо тайинланди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА