Меҳр-оқибат ва бағрикенглик айёми

Муборак Қурбон ҳайити байрами Оролбўйининг барча шаҳар ва туманларида, чекка овулларда ҳам кенг нишонланмоқда. 

Нукус шаҳридаги Имом Эшон Муҳаммад жомъе масжиди ва жойлардаги 50 та масжидда ҳайит намозлари ўқилди.

Қурбон ҳайити муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ва бошқа ташкилотлари билан биргаликда кенг кўламли хайрия тадбирлар амалга оширилаётир. Жумладан, байрам муносабати билан кам таъминланган, ёрдамга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахсларга, Меҳрибонлик, Болалар, Мурувват уйларига моддий ёрдамлар кўрсатилди.

– Муборак Қурбон ҳайити жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга хос бўлган инсонийлик фазилатларни, диний-маърифий қадриятларни асраб-авайлашда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Нукус шаҳридан меҳнат фахрийси Есен Реймов. – Ҳайит намозини адо этиб чиққанлар бир-бирларини байрам билан табриклаб, юртимизга тинчлик, халқимизга мўл ризқ-насиба тилашди. Мана шундай бахтиёр, хайрли кунларимиз кўп бўлсин.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА