Ақл-идрок баҳсида ғолиб бўлган оилалар муносиб тақдирланди

Нукусда шахмат ва шашка бўйича “Биз ақл-идрокли оилалармиз” мусобақасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақа ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тасдиқланган қўшма қарорга мувофиқ ўтказилганди.
Мамлакатимизда шахмат ва шашка спорт турларини янада кенгроқ тарғиб қилиш ва оммалаштириш, қадимий ақл-идрок ўйини саналган шахмат санъатини маънавиятимизнинг бир бўлаги сифатида эъзозлаш, оилаларни спорт мусобақаларига оммавий равишда жалб қилиш мақсади кўзланган мусобақа баҳсларга бой бўлди.
Мусобақада шаҳар ва туман босқичларда ғолибликни қўлга киритган 12 та оила иштирок этди. Ҳар бир оила 6 нафар иштирокчидан иборат бўлиб, 2 нафарини 75 ёшгача бўлган бува ва бувиси, 2 нафари 50 ёшгача бўлган ота ва онаси, 2 нафари 16 ёшгача бўлган болаларни ташкил этади.
Мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида биринчи ўринни Кегайли тумани “Жузимбоғ” овул фуқаролар йиғинидан Генжебой Қадиримбетовлар оиласи, иккинчи ўринни Амударё тумани “Дуринки” маҳалла фуқаролар йиғинидан Зафар Қурбановлар оиласи, учинчи ўринни Қўнғирот тумани “Адабиёт” овул фуқаролар йиғинидан Умирбек Даулетбаевлар оиласи қўлга киритди.
Мусобақада ғолиблар ва номинациялар бўйича аниқланган иштирокчилар диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА