Нукус шаҳрида Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси мазмун-моҳиятига бағишланган “Сайлов кодекси – демократия асоси” мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди. Бул ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда партиянинг Сиёсий Кенгаши масъул ходими, партия фаоллари, маҳаллий Кенгаши депутатлари, бошланғич партия ташкилотлари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Семинарни партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Нурлыбай Қаипбергенов кириш сўзи билан очди.

Шундан сўнг кун тартибидаги масалани кўриб чиқишга киришилди. Дастлаб, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши  Марказий аппарати масъул ходими Фаррух Абдуҳамидов «Сайлов кодекси – сайлов жараёнида қонунийлик ва шаффофликни таъминлашнинг муҳим омили»  мавзусида маъруза қилди.

– Сайлов кодексининг қабул қилингани ва амалга киритилиши жамият ҳаётидаги энг муҳим сиёсий жараён ҳисобланган сайловларнинг адолатли ўтказилишига, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини замонавий қонунлар асосида кафолатлашга ҳуқуқий замин яратади. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзолари ҳам мазкур Кодекс лойиҳасини тайёрлашдан тортиб ва Қонунчилик палатасида қабул қилиши жараёнларида фаол иштирок этдилар. Партиямиз вакиллари Кодексга киритиш учун ўзларининг 20дан ортиқ таклифларини тақдим этдилар. Шуниси диққатга сазоворки, ана шу таклифлардан энг муҳимлари, ушбу ҳужжатда ўз аксини топди. Масалан, номзодлар ишончли вакилларининг сафар харажатлари сайловга ажратилган маблағлар доирасида қопланиши, Сенат аъзоларини сайлаш масаласини қонуности ҳужжатлар асосида эмас, балки Кодекс доирасида ҳал қилиш ва шу каби таклифлар шулар жумласидандир – деди Ф.Абдуҳамидов.

Маърузачи ушбу ҳужжат ҳақида йиғилганларга атрофлича маълумот тақдим этди ва иштирокчилар саволларига жавоб берди.

Шунингдек, тадбирда маърузачилар сўзга чиқиб, партиянинг ҳисобот-сайлов конференцияларини ўтказиш тартиблари ва сайлов кампанияси даврида партияни тарғиб қилишнинг замонавий усуларига йиғилганлар эътиборини жалб этди.

Тадбирда иштирокчилар сайлов жараёнларига оид барча масалалар бўйича ўзларини қизиқтирган сволларига мутахассислардан батафсил жавоблар олишди.