Оналар ва болалар ўлими кўп учрайдиган ҳудудлар

Салбий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда бартараф этиш мақсадида “Фертиль ёшидаги аёлларнинг репродуктив саломатлиги ва ҳуқуқлари масалалари бўйича хабардорлигини ошириш мақсадида вазиятни таҳлил қилиш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган янги механизм ва ёндашувларни ишлаб чиқиш ва татбиқ қилиш“ лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила“ илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди молиялаштираётган ижтимоий буюртма доирасида “Оила репродуктив саломатлиги муаммолари, унинг демографик ривожланиши, фаровонлиги ва тинчлигини ўрганиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга самарали татбиқ қилиш“ мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Унда юқоридаги лойиҳа тақдимоти ҳам ўтказилди.
Ҳамкор ташкилотлар, халқаро, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган тадбирда оилани ижтимоий институт сифатида мустаҳкамлаш, она ва бола саломатлигини яхшилаш, соғлом турмуш тарзи тарғиботи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан эканлиги таъкидланди.
– Лойиҳанинг мақсади икки ҳудуд – Қорақалпоғистон Республикаси ва Наманган вилоятида она ва бола репродуктив саломатлигини асрашга йўналтирилган тафаккур ва феъл-атворни шакллантиришда фертиль ёшидаги аёллар роли ва жавобгарлигини оширишдан иборат, – деди “Юксак салоҳият“ жамоат бирлашмаси эксперти Ботир Мавлонов. – Ушбу ҳудудларни танлашимизнинг асосий сабаби, республикамизнинг бошқа ҳудудларига нисбатан бу ерда оналар ва болалар ўлими кўрсаткичлари юқори. Лойиҳа доирасида оналар ва болалар ўлимига сабаб бўлаётган омиллар, ушбу ҳудудларда аҳолининг репродуктив саломатлигини асрашга қаратилган шарт-шароитлар қай даражада эканлиги ўрганилади. Икки мингга яқин фертиль – туғиш ёшидаги аёллар билан уларнинг саломатлиги ва ижтимоий аҳволини ўрганиш мақсадида суҳбатлар ўтказилади. Аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар ҳамда оналар ва болалар ўлимининг олдини олишга қаратилган, аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади.
Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда “Юксак салоҳият“ жамоат бирлашмаси томонидан амалга оширилаётган мазкур лойиҳа доирасида, шунингдек, патронаж ҳамширалари учун қўлланма, аҳоли билан ишлаш бўйича тарқатма материал ишлаб чиқилади ва чоп этилади, репродуктив саломатлик бўйича фойдали маълумотларни олиш ва саволларга жавоб топиш имконини берадиган махсус сайт яратилади.
Лойиҳа юзасидан журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб қайтарди.

 

М.ҚОСИМОВА, ЎзА