Мажбурий меҳнат қулликдан ўзга нарса эмас

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясида одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашишда фуқаролик жамияти институтларининг ролига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда республикамиздаги тармоқ касаба уюшмалари кенгашлари, касаба уюшмалари ташкилотларининг ҳудудий бирлашмалари ходимлари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси вакиллари ва журналистлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директори А.Саидов одам савдоси ва мажбурий меҳнатга жалб қилиш глобал муаммолардан бири бўлиб, уни ҳал этишда барча мамлакатлар бирдек иштирок этишини таъкидлади. Ўзбекистонда ушбу ҳолатларга қарши курашиш бўйича қонуний асослар яратилган. Шу мақсадда БМТ ва Халқаро меҳнат ташкилотининг халқаро шартномалари ратификация қилинди. Унга мувофиқ, юртимиз қонунчилигига ўзгартиришлар киритилди.
Президентимизнинг 2019 йил 30 июлдаги “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Ҳозирги кунда мазкур ҳужжат асосида республикамиз бўйлаб одам савдоси ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Унда фуқаролик жамияти институтлари ҳам иштирок этмоқда. Улар орасида турли касаба уюшмалари ташкилотлари муҳим ўрин эгаллайди. Бундан ташқари Ватанимизга қайтиб келган одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам кўрсатилмоқда. Шу мақсадда одам савдосидан жабр кўрганларга ёрдам бериш бўйича Республика реабилитация маркази ташкил этилди. Унда ҳар бир жабрланувчи руҳий, тиббий ва юридик кўмак олиши мумкин. Халқаро меҳнат ташкилотининг “Ўзбекистонда болалар ва мажбурий меҳнатни учинчи томондан мониторинг қилиш” лойиҳаси бош техник маслаҳатчиси Й.Аструпнинг билдиришича, ҳозирги кунда жаҳон ҳамжамияти мамлакатимизда кечаётган ўзгаришларни катта қизиқиш билан кузатиб бормоқда. Тез орада навбатдаги пахта терими бошланади ва инсон ҳуқуқлари бўйича барча халқаро ташкилотлар ушбу жараённи кузатиб борадилар. Бунда пахта теримига жалб қилинган ҳар бир ишчи ўз ҳуқуқларини билиши ва зарур ҳолларда улар бузилаётгани ҳақида хабар бера олиши мумкин.
Семинар доирасида, шунингдек, ЕХҲТнинг техник кўмаги остида нашр этилган “Одам савдоси жабрдийдаларини келиб чиқиш мамлакатига қайтариш жараёнида инсон ҳуқуқларига амал қилиш бўйича дастуриламал” номли ўзбек тилидаги тўплам тақдимоти бўлиб ўтди. Китобнинг биринчи бўлимидан жой олган еттита асосий тамойил ЕХҲТ маконида қўлланиладиган халқаро меъёрлардан келиб чиқади. Ҳар бир тамойил қисқа ва лўнда баён этилган бўлиб, давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти учун асосий омиллар ва тавсияларни ўз ичига олади. Нашрнинг иккинчи қисмида ушбу дастурий тамойиллар учун асос бўлган халқаро-ҳуқуқий меъёрлар тўғрисида батафсил маълумот берилади. Янги қўлланма одам савдоси жабрдийдаларига кўрсатиладиган ёрдамни янада яхшилашга қаратилган. Шу боис, мазкур нашр давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Тўплам, шунингдек, одам савдоси жабрдийдаларини қайтариш масаласи бўйича қонунчилик ёки дастурий ёндашувларни ишлаб чиқиш билан шуғулланаётган давлат тузилмалари учун ҳам айни муддаодир.
Семинар якунида иштирокчилар томонидан истиқболдаги мақсад ва вазифалар белгилаб олинди.

 

Роман БОНДАРЧУК, ЎзА