Зулм манзилига қиёсланган “Жаслиқ” колонияси ёпилади

Касбий денгизини кўриш орзусида йўлда кетарканман, об-ҳавонинг кескин ёмонлашганини ҳис этдим. Атрофга назар солинса, қуриб ёрилган ердан бошқа нарса кўринмайди. Қизилқумни ортда қолдирар даражада қизиётган бу замин Қўнғирот кенгликлари эди. Бу ердаги оғир вазиятдан ҳайратланаётганимни кўрган ҳамроҳларимдан бири шунда менга “Жаслиқ” колонияси бекорга шу ерга қурилмаганини айтди.
Шунда ёзда жазирама, қишда изғириннинг нишонига айланувчи бу кенгликда шунчаки ўтиб кетиш азобли эканини ўйлаб, бу ерда тутқунда бўлишни тасаввур қилишнинг ўзи даҳшат эканини ҳис этдим.
Шунинг учун ҳам одамлар орасида “Жаслиқ” қамоқхонаси ҳақида сўз кетганда, уни зулм лагерига қиёслангани сир эмас.
Колониядаги шарт-шароит ва бошқа масалалар ҳақида бугун тўхталмоқчи эмасмиз. Энг муҳими, мазкур Қорақалпоғистон Республикаси Жаслиқ қўрғонида жойлашган 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш билан боғлиқ хушхабар тарқалгани бўлди.
Бунга Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 2 августдаги “Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган Жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида”ги қарори асос бўлди.
Эътироф этиш керакки, Давлатимиз раҳбари мана бир неча йилдирки, барча соҳада адолатни қарор топтириш, халқ манфаатини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни амалга оширилмоқда. Бу ҳуқуқ-тартибот, хусусан жазони ижро этиш тизимига ҳам бевосита алоқадор, албатта.
Ўзбекистонда ҳибсга олинган ва жиноий жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан қийноққа солиш, руҳий ҳамда жисмоний босим ўтказиш, бошқа ғайриинсоний зўравонликка мутлақо йўл қўйилмаслиги талабини қўйгач, ушбу йўналишда қатор амалий ишлар қилинди.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш, жумладан, қийноқларнинг олдини олиш учун зарур ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар яратила бошланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 ноябрдаги “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишда муҳим ҳодиса бўлди.
Фармон билан жиноят процесси иштирокчилари ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш, психологик ва жисмоний тазйиқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаш ман этилди. Жиноят иши доирасида ноқонуний йўл билан олинган ҳар қандай аудио ва видео ёзув ҳамда бошқа материаллардан далил сифатида фойдаланиш тақиқланди.
2018 йил 4 апрелда қабул қилинган “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга кўра қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаганлик учун масъулият кучайтирилди.
Бундай тамойиллар Жиноят кодексидан ҳам ўрин олган. Қийноқ ва бошқа жиноятлар тўғрисидаги даъволарни тезда ва холисона текшириш учун Халқ қабулхоналари, виртуал қабулхоналар билан бир қаторда фуқароларнинг шикоятларини ўз вақтида ва самарали кўриб чиқилишини кузатиб борувчи Президентнинг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати яратилди.
Нафақат мамлакатимиз, балки халқаро миқёсда ҳам номи эшитилганда, ёмон таассурот уйғотувчи Жаслиқдаги қамоқхонага барҳам берилаётгани эса бу йўналишдаги яна бир муҳим қадам бўлди.
Ички ишлар вазирлиги ахборотида қайд этилганидек, жиноят-ижроия амалиёти таҳлили ва жамоатчилик билан бевосита мулоқот натижалари жазони ижро этиш тизимида сақлаш шароитларини янада гуманитар кўринишга келтириш орқали маҳкумларнинг ҳуқуқлари кафолатини ошириш ҳамда уларнинг ижтимоий мослашувини таъминлаш зарурлигини кўрсатаётган эди.
Шу жиҳатдан Президентимизнинг тарихий қарори халқаро миқёсда эътироф этиб келинаётган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган вазифаларнинг амалий ижроси бўлди. Шу билан бирга, бу давлатимизнинг халқаро жамоатчилик олдида нуфузини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Қайд этиш керакки, ҳар қандай жамиятда хўрланган, камситилган ёки кимдир томонидан қийноққа солинган одамларни учратиш мумкин. Умуминсоний қадриятлар эса бундай ҳолларни кескин қоралайди. Нафақат фуқаролари, балки дунё аҳлининг ҳурматига лойиқ бўлишни истаган давлат эса инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш тизимини мана шундай кучайтириб боради.

 

Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА