Оролбўйи ёзувчи-шоирлари ижодидан

 Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси тавсияси билан

Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган шоир-ёзувчилар ва истеъдодли ёш қаламкашларнинг турли ижод намуналари эълон қилиб борилиши мўлжалланган ушбу лойиҳанинг бугунги меҳмони Қорақалпоғистон ижодкорлари.

Қорақалпоқ адабияти ҳиқида сўз борганда Жийен Жиров, Кунхўжа, Ажиниёз, Бердақ, Омар, Отеш шоирларнинг исмлари ҳурмат билан тилга олинади.

Ўтган асрга келиб қорақалпоқ адабиёти ривожига Аббоз Дабилов, Содиқ Нуримбетов, Жолмирза Аймирзоев, Тилеуберган Жумамуратов, Караматдин Султанов, Асан Бегимов, Иброҳим Юсупов, Тулепберген Кайипбергенов, Шаудирбой Сейтов, Тулепберген Матмуратов ва бошқалар муносиб улуш қўшдилар. Бу анъанани Урозбой Абдураҳманов, Жиенбой Избосқанов, Гулайша Есемуратова, Гулистон Матякубова, Кенес Каримов, Муратбой Низанов, Алписбой Султанов, Халила Давлетназаров, Набира Турешова, Минайхон Жуманазарова, Гулистон Давлетова, Жуманияз Утениязов, Алланазар Абдиев каби ёзувчи-шоирлар давом этмоқда.

***

Урозбой АБДУРАХМОНОВpf.jpgЎзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Урозбой Абдураҳмонов 1949 йил туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида таълим олган.

“Бир муҳаббат тарихи”, “Қўни-қўшнилар”, “Қўл қўя кўрма”, “Чангалзор “пайғамбар”ининг ҳалокати”, “Оролим-дардим менинг”, “Бўсаға” каби китобларнинг муаллифи. “Ўжар” комедияси ўттиз йилкисаҳнадан тушмай келади. Шунингдек, ўнлаб бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратган, жаҳон адабиётининг мумтоз намуналарини қорақалпоқ тилига таржима қилган.

ОРТСАНГ, ФИЛГА ОҒИР…

Урф-одат ва удумлар ҳақида

Қорақалпоқларнинг энг қувончли, энг оғир ташвиши – ўғил уйлантириш. Биз буни бировдан эшитмаганмиз, ўзимиз бошимиздан ўтказганмиз.

Ҳеч кимга сир эмас, «қалин» муаммоси ҳамон бизда яшаб келади. Фотиҳа ўқилаётган пайтда куёвтомон рамзий тарзда бисотида борини ўртага ташлайди. Катхудо эса қудағайлар томонидан келган кийим-кечаклар рўйхатини дона-дона қилиб, мароқ билан ўқиб беради. Икки ўртада куёвтўра томоннинг ҳамёнига ёҳуд катхудонинг инсофига тўғри келмайдиган бирон-бир муаммо чиқиб қолса борми, Худо урди деяверинг: бўлғуси оила иноқлигига шу лаҳзадан бошлаб путур етади – аразнинг маломат тошлари ёғила бошлайди.

Энди айтинг-чи, қорақалпоқ гўзалининг қадр-қимматини қалин белгилайдими? Хўш, у қанча туради?

Урф-одатга кўра кесилган бир нарҳ йўқ: куёвтўранинг имконидан келиб чиқиб, қалин ўн минг сўмдан токи чексиз миқдоргача бўлиши мумкин. Тўғри, ҳозир зиёли ва инсофли оилалар қизларининг бахти учун мана шу қалиндан ўзлари воз кечаётир, аммо бундай оилалар унча кўп эмас.

Қалин тўланди, куёвтўранинг ҳамёни бўшаб қолди, дейлик. Хўш, энди тўйни қандай ўтказиш керак? Тўйга, албатта дўсту ёр, ошна-оғайни, қариндош-уруғ чақирилади. Тўйга келган меҳмонлар қавм-қариндошлигина қараб, қўноқ кутадиган хонадонларга тақсимланади ва кичик доирада базм давом этади.

Кечқурун эса икки ёшнинг бахт тўйи…

Энди ҳаражатларни ҳисоблайлик, қўноқ учун ўнлаб хонадонларда ёзилган дастурхонга ноз-неъмат, масаллиқ ва ичимлик, табиийки, тўйхонадан жўнатилади. Озмунча сарф-харажатни ташкил этмайди бу. Рост, айримлар куёвтўрага ёрдам тариқасида ўз ҳисобидан ҳам меҳмон кутади.

Хуллас, бир амаллаб тўйни ўтказдик ҳам, дейлик, шу билан олам гулистонми? Йўқ. Навбатдаги ташвиш – тўйга вақтида улғуриб кела олмаган меҳмонларни кутиш, ҳақ бериш керак. Ҳамма-ҳаммаси ўтгач, қарз олинган тўй харажатларини узуш бошланади. Қариндош-уруғ, ошна-оғайни, албатда, ёрдам беради, шу билан бирга, тўйга тушган тўёна харжланади, лекин аксарият ҳолларда қарзни қопламайди бу! Оқибатда навқирон оила мустақил ҳаётнинг дастлабки кунидан тирикчилик ташвишига гирифтор бўлади.

Лекин, ҳамма тўйлар оқибати ҳам бир хил бўлавермайди.

Энди ҳамманинг бошида бўлган мусибат удумини олайлик.

– Номинг ўн ҳарфдан иборат-у, айтар тилга оғир, удуминг шунча кўп-у, ортсанг, филга оғир! – деган эди шоир Иброҳим Юсупов қорақалпоқ ҳақида.

Дарҳақиқат, дафн марсими Қорақалпоғистоннинг ҳар жойида ҳархил. Айтайлик, Беруний туманида мўмин оламдан ўтгач, бир кун ичида дафн этишса, Тахтакўпир туманида марҳумни икки-уч кун, ҳатто ундан ортиқ муддат дафн этишга шошилмасдан кутиш ҳолларини кўриш мумкин. Берунийда марҳум дафн этилмагунча биров таомга қўл урмайди, орқа туманларда эса, дафн маросимига қадар мол сўйилиб, қозон осилади.

Дафн маросими ҳам оиладан анча харажат талаб қилади. Лекин удум-удум-да. Бошига мусибат тушган кишига бир нима дейиш қийин, аммо овул оқсоқоллари ўз кенгашларида шуни кўриб чиқса, элга жуяли маслаҳат берса, ортиқча харажат қилишнинг олдини олиш мумкин. Ҳатто бунинг учун овулдаги энг мўътабар оқсоқолнинг: «Бас қилинглар!», – дейиши ҳам кифоя. Чунки бу ҳам, панд-насиҳат ва ҳар ишга бош бўлиш, фотиҳа бериш ҳам удумимизга киради.

Мен Тошкент, Самарқанд ва Андижондадўстларимнинг тўйларида кўп бўлганман. Ёши улуғлар ёшлар билан бирга, ҳовлидаги узун стол атрофида тўйга файз киритиб ўтирганини кўп кўрганман. Туй маросими, умуман олганда, уч-тўрт соатдан ошмайди.Шуни кўриб, хаёлимга бир уй келган: нега энди биз ҳамон туйни икки қисмга бўлиб, ёшларни алоҳида, бошқаларни алоҳида ўтказамиз? Тўй тантанасини тўйхонада бошлаймиз-у, бу етмагандек, кейин ресторанда давом эттирамиз? Нега? Ахир, яхши анъаналарни ўрганиш, ҳаётга татбиқ этиш фойдадан ҳоли эмас-ку!

Қорақалпоқда бир одат бор: келин билан куёв тўнғич фарзандини суймасдан туриб, куёвнинг ота-онасига узатади. Невара бува билан бувисининг тарбиясида бўлади.Шу боис, тўнғич ўғил билан ота орасида, кўпинча, ака-укалик муносабати туғилади.

Хўш, бу нимани англатади?

Ота ўз ўғлига вақтида бериб улгурмаган доноликни неварасига бериши-отадан болага қоладиган маънавий мероснинг изчиллигини сақлаш учун шундай қилинади. Агар шу удум бўлмаганида халқимиз кўп нарсани йўқотган бўларди.

Демак, оқсоқоллар билан ёшларнинг базмини бир жойда ўтказиб, камтарона тўй берсак, ортган маблағни янги оилани оёққа қўйишга, уйли-жойли қилишга сарфласак, ўғил-қизимиз ҳам, ота-онамиз ҳам рози бўларди…

Албатда, тўйни рисоладагидек ўтказасиз, дея андоза яратиш қийин, лекин «Тўй мана мундоқ бўлади!», деб намуна кўрсатиш, шунга амал қилиш мумкин, ва бу жуда ҳам зарур.

Шунда ҳар бир тўй рози-ризоликка, халқимизнинг кичик байрамига айланган бўлармиди…

2000 йил.

***

Халила Давлетназа.jpgЎзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, Қорақалпоғистон халқ шоири Халила Давлетназаров1952 йили туғилган. Нукус давлат университетининг филология факультетини тамомлаган.

«Хат», «Сен менга кераксан»,«Сен яхши қизсан», «Ошиқ бўлмаган ким бор», «Хўш қол, ёшлигим», «Алвидо, муҳаббат, алвидо», «Дўст бўлиш ҳар кимнинг қўлидан келмас», «Ошиқ бўлиб яшанг» каби шеърий китоблари муаллифи. Айни кунда Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси нашри – «Амударё» журналининг бош муҳаррири фазифасида ишламоқда.

ҚОРАҚАЛПОҚ ТУПРОҒИ

Элга эргаш, халқул бергин қўлингни,

Истиқбол ёритар умринг, йўлингни,

Бунда не кўкарса—бари бўлимли,

Асл тупроқдир Қорақалпоқ тупроғи.

Эски Жайҳун бўйи-макон, туроға,

Ўзлигидан сўйлар ҳар нақш, қуроғи,

Узоқ кетсанг тортар меҳригиёдай,

Меҳр тупроғи Қорақалпоқ тупроғи.

Оқшом Ой, кундуз Кун нури тўкилган,

Тиллардан шажара дури тўкилган,

Сир чертади тошбитик-Қул Тегиндан,

Қадимтупроқ Қорақалпоқ тупроғи.

Шоир-жировлари достон ўқийди,

Қалбини замона қуши чўқийди,

Дунёнинг кўп сабоқларин ўқийди,

Сирли тупроқ Қорақалпоқ тупроғи.

Сўзлар-оҳанг билан тўлқинланган сўз,

Бахшисида кумуш мавжли хушовоз,

Қизларида шунча сулувлик ва ноз,

Гўзал тупроқ Қорақалпоқ тупроғи.

Бу ернинг юзига кўп тушган ажин,

Халқ деб шаҳид кетган Оллаёр, Нажим,

Ҳар авлод бош эгиб қилади таъзим,

Улуғ тупроқ Қорақалпоқ тупроғи.

Боболар бу юртни қўрғаган чоғи,

Кўп ёниб, гоҳ учди умид чироғи,

Қанча чинорларни йўқотди бевақт,

Дардли тупроқ Қорақалпоқ тупроғи.

Едигенинг от ўйнатган ерлари,

Эрназарнинг қат-қат юрак зорлари,

Наврўз, Пиржон, Матекедай эрларни,

Ужар қилган Қорақалпоқ тупроғи.

Тулпордай топланган, бургутдай тулаб,

Яна ким бунингдей шимарлар билак,

Дунёга бир келган Камол Қаллибек,

Сурма тупроқ Қорақалпоқ тупроғи.

Бу тупроқ кўпларга бўлди чин Она,

Иброҳим, Тўлеклар ўқиб ҳамд-сано,

Пирларни бор қилган халқга тасанно,

Қутлуғ тупроқ Қорақалпоқ тупроғи.

Кўп йиғиб олиниб элнинг қаймоғи,

Кўп қулоб-тикланган элнинг қаймоғи,

Орзу-умид сутин эмган ойлари,

Армон тупроқ Қорақалпоқ тупроғи.

Нари боравермай, қайтайлик бери,

Кон-маъдан қир-адир, эшиги-тўри,

Менделеевнинг барча элементлари,

Жайлашган макондир бу юрт тупроғи.

Бунда не синоат? Бор қандай сири?

Устма-уст қорилмиш ер-сув-кун нури,

Меҳригиё-оддий буён томири,

Шифо тупроқ Қорақалпоқ тупроғи.

Тухум олиб учган шамоллар, еллар,

Билган одам замин қаддин фаҳмлар,

Кўкдан бир шоҳий урилган дамлар,

Вали тупроқ Қорақалпоқ тупроғи.

Маржон мевалари шириндан ширин,

Кўкрагимда мумдай балқийди меҳрим,

Манглайидан бир-бир келади суйгим,

Қизгин тупроқ Қорақалпоқ тупроғи.

Бунда дупур солар давру давронлар,

Кўч тузайди дўстлик деган карвонлар,

Халқни қувонтирар асл хирмонлар,

Сулув тупроқ Қорақалпоқ тупроғи.

2016 йил.

P.S.: Ушбу лойиҳада мамлакатимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган шоир-ёзувчилар ва истеъдодли ёш қаламкашларнинг турли ижод намуналари эълон қилиб борилади.

Лойиҳанинг ушбу сонини

Довуд Абибуллаев тайёрлади.

 

ЎзА