Ўқишга киритиш учун 1200 АҚШ доллари сўраган шахс қўлга олинди

Сурхондарё вилояти Денов туманидаги Буюк ипак йўли маҳалласида яшовчи 29 ёшли фермер Санам Акрамова (исм-шарифлар ўзгартирилди)ни қўшни Тожикистон Республикасидаги олий ўқув юртларидан бирига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 1 минг 200 доллар пул сўраган икки шахс ички ишлар идоралари ходимлари томонидан қўлга олинди.
С.Акрамованинг мурожаатига кўра, олиб борилган тадбир чоғида Узун тумани Маландиён маҳалласида яшовчи 39 ёшдаги Нажим Панжиев фермер аёлдан 1 минг 200 долларни олиб, уни 64 ёшдаги Саидвафо Бобоевнинг уйига олиб бориб бераётганида ашёвий далил билан ушланган.
Айни пайтда мазкур ҳолат бўйича Н.Панжиев ва С.Бобоевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА