Қотилликка етаклаган рашк

Фарғонада оиладаги жанжал мудҳиш воқеа билан якунланиб, эр ўз турмуш ўртоғининг қотилига айланди.
Инсон учун оила қуриш, фарзандларини чин инсон қилиб вояга етказиш ҳам фарз, ҳам қарз. Бир-бирига кўнгил қўйиб, севишиб турмуш қурган Шоҳрух ва Гулбаҳор (исмлар ўзгартирилган) ҳам ана шундай орзулар билан яшарди. Улар уч фарзанд кўришиб, болаларга чиройли исмлар қўйишди. Бу оилада сира жиддий жанжаллар бўлмас, турмушда учровчи арзимас тортишувлар бўлиб қолса яна тезда ярашиб кетишарди. Эр-хотин мана шу мунаввар кунларининг қадрига етмади. Оилани асраш, гард қўндирмаслик ўрнига қабиҳ ишга қўл урилди.
Шоҳруҳ ўта рашкчи эди. Ҳадиси шарифларда, рашк иймондандир, деб айтилган. Рашк дегани ҳадеганда суюкли инсонини тергайвериш, унинг ҳар бир хатти-ҳаракатларига тўсқинлик қилиш дегани эмас-ку? Рашкнинг ҳам ўринли ва меъёрида бўлгани турмушни янада завқли ўтишида муҳим ўрин тутади. У рашк туфайли олий маълумотга эга бўлган турмуш ўртоғини ишлатмади.
Ш.Ғуломов коллежда ўқитувчиликдан бўшагандан кейин сўнгги олти ой ичида ишсиз бўлиб, спиртли ичимликка ружу қўйди. Шу йилнинг 9 март куни унинг тоғаси қизини турмушга узатди. Эрта тонгда қишлоғидаги тўйхонага наҳорги ошга бориб, хизматда бўлди. Базмда эса хурсандчиликни нишонлашди, спиртли ичимлик ичиб, маст ҳолда уйга қайтди.
Уйга кирибоқ меҳмонхонада бўлган хотини Гулбаҳордан тоғасиникига тўйга бормаганининг сабабини сўрайди. “Ўзингиз борма дедингизку”, деб жавоб беради унга турмуш ўртоғи. Ўртада жанжал бошланиб, улар сан-манга боришди. Маст ҳолатда ўзини жиловлай олмаган Шоҳруҳ қўли билан хотинининг бош ва юз қисмларига бир неча маротаба зарб билан мушт туширади. Оқибатда ўз қўлининг 4 кафт суяги синади. Кетма-кет берилган зарбалар оқибатида хотини ҳушини йўқотиб, полга йиқилади. Қилиб қўйган ишининг хунук оқибатидан хавотирланган Шоҳруҳ турмуш ўртоғига ёрдам кўрсата бошлайди. Сув олиб юзига сепади. Ошхона қошиғи билан тилини ушлашга ҳаракат қилади, жиянига дарҳол “Тез ёрдам” чақиришини айтади. Аммо шифохонада Г. Ғуломова олган тан жароҳатлари оқибатида кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан вафот этган.
Жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилди. Ш.Ғуломовга саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Уч нафар вояга етмаган фарзандлари бобосининг қарамоғида қолди.
Ўзбекистон туманида рўй берган бу жиноят барчани яна бир бор огоҳликка чорлайди. Ҳукм ўқилди, жиноят жазосиз қолмади, албатта. Бироқ бу каби воқеликлар кишини узоқ ўйлашга, мушоҳада юритишга чорлайди. Яратганнинг неъмати бўлган умрни гўзал лаҳзаларга бой қилиб ўтказиш инсоннинг ўз қўлида. Айни навқирон ёшида илмини, билакдаги кучини юрт ободлиги, ривожи йўли сарф этиш ўрнига ичкиликка ружу қўйиш, оқибатда эса инсонийлик қиёфасини йўқотган Ш.Ғуломовнинг хатти-ҳаракатларига қандай муносабат билдириш мумкин? Турмуш ўртоғини рашк туфайли тўйга юбормасдан яна уни тўйга бормаганликда айблаган, оғир тан жароҳати етказган, ўлим остонасида турган аёлга шифокорларни яқинлаштирмаган Шоҳруҳ ичкилик туфайли шундай разил ишни амалга оширгани қалбларга оғриқ олиб келади. У бир муддат ўтиб ҳушига келгандир, шунда қандай қабиҳ ишга қўл урганини, жондан азиз кўрган аёлининг қотилига айланганини ҳис этганда қай ҳолга тушди экан? Маҳалла фуқаролар йиғини, туман хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” маркази бу оиладаги келишмовчиликларни олдини олиши керак эмасмиди аслида.
Вақт олий ҳакам. Ўз айбига яраша жазо олган Ш.Ғуломов вақтлар ўтиб ўз оиласи бағрига қайтади. Аммо унгача бобосининг қучоғида чирқиллаб қолган, онажони меҳрини соғинган фарзандларининг бўй етади. Кунлар келиб хатоларини тушуниб, пушаймон бўлиб, тавба-тазаррулар билан остона хатлаб кириб келган падари бузрукворини – онасининг қотилини кечира олсалар бўлди. Ҳаётнинг бешафқатлиги ҳам мана шунда-да аслида.
Фурқатжон СОБИРОВ,
Жиноят ишлари бўйича 
Бешариқ тумани суди раиси.

 

ЎзА