Ўзбекистон – Беларусь ҳудудлараро форуми доирасида эришиладиган келишувлар муҳокама қилинди

Минскда Ўзбекистон Республика Бош вазири ўринбосари Элёр Ғаниев Беларусь Республикаси Кенгаши раиси Марианна Шеткина билан учрашди.
Учрашувда Минскда ўтадиган Ўзбекистон – Беларусь ҳудудлараро форумига тайёргарлик жараёни, унинг доирасидаги ҳамкорлик масалалари ва соҳалар бўйича имзоланадиган ҳужжатлар бўйича фикр алмашилди.
Марианна Шеткинанинг қайд этишича, мулоқот чоғида турли йўналишларда битимлар, савдо бўйича шартномалар имзолаш масалалари кўриб чиқилган. Айни пайтда ҳудудлар ўртасида ҳамкорликка оид тақдим этилган 20дан ортиқ битим ва ишлаб чиқариш соҳасидаги 20га яқин шартнома имзолаш учун тайёрланмоқда.
000021_1564161580_356360_big.jpg
Музокаралар чоғида, шунингдек, Минск автомобиль заводи, “Амкодор“ ва МТЗ корхоналари билан манфаатли шериклик, енгил саноат, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги соҳаларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, Ўзбекистонга наслли қорамоллар етказиш режаси ижроси, селекция-генетик марказлар ташкил қилиш, гуманитар соҳалардаги масалалар кенг муҳокама қилинди.
Юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, илмий фаолият ва ахборот технологиялари ривожлантириш бўйича қўшма тадбирларни олиб бориш, олий таълим муассасалари ўртасидаги алмашинувлар ва таълим дастурларини рўёбга чиқариш юзасидан фикр алмашилди. Президент Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган келишув ва битимлар ижроси кўриб чиқилди, парламентлараро мулоқотни ривожлантириш форум доирасидаги муҳим жиҳатлардан бири бўлиши қайд этилди.

 

ЎзА