Шавкат Мирзиёев мева-савзавотни қайта ишлаш корхонаси билан танишди

Президентимиз Самарқанд туманидаги “Agromir” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, мева-сабзавотларни қайта ишлаш жараёнини кўздан кечирди.

Юртимизда етиштирилган сархил мева-сабзавот, узум, полиз маҳсулотлари таъми, сифати ва инсон саломатлиги учун фойдали элементларга бойлиги билан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам хорижда Ўзбекистонда пишиб етилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларига талаб юқори.
“Agromir” хорижий корхонаси ана шундай меваларни қайта ишлаб, уларнинг табиий шарбати ва шираси, шарбат консентратлари, сабзавот паста ва пюреси, мева-сабзавот консерваларини ички бозордан ташқари чет мамлакатларга экспорт қилиб келмоқда.
Қарийб 450 киши доимий иш билан таъминланган корхона йилига 60 минг тонна шарбат ва нектар, деярли 6 минг тонна концентратлар ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, бугунги кунда 42 турдаги маҳсулот тайёрланмоқда.
2018 йилда корхонада умумий қиймати 160 миллиард сўмлик 53 минг тонна, жорий йилнинг биринчи ярмида 72 миллиард сўмлик 24 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ўтган йили 2,1 миллион доллар, жорий йилда 5,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
Айни пайтда корхонага қарашли хўжаликларда мева-сабзавотнинг истиқболли навларини етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фермер ва деҳқон хўжаликларидан маҳсулот харид қилишда ҳам биринчи ўринда сифат эътиборга олинади, улар билан билан буюртма асосида ишланади. Ҳар қандай маҳсулотни эмас, корхона талабига, ишлаб чиқарадиган корсерва ва шарбатлар сифатига мос маҳсулотлар танлаб харид қилинади.
Давлатимиз раҳбари корхона цехларида мевани қайта ишлаш жараёнини, тайёр маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.
Бу ерда ишлаб чиқариш ва қадоқлаш цехларига Швейцария, Италия ва Германиянинг шарбат, пюре ва пасталар ишлаб чиқариш бўйича энг замонавий технологиялари ўрнатилган. Бу корхона маҳсулотларининг Ўзбекистон бозорида етакчи ўрин эгаллашида қўл келмоқда.
Бугунги кунда “Agromir” маҳсулотлари таниқли брендлар остида Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Тожикистон, Афғонистон каби мамлакатларга экспорт қилинмоқда. Шарбат кўринишидаги тайёр маҳсулотлардан ташқари компания меваларидан тайёрланган консентрат ҳам чет эллик истеъмолчиларга етказиб берилади. Консентрацияланган, тўйинтирилган шарбатлардан хорижда бир неча турдаги оммабоп брендлар қайтадан ишлаб чиқарилади.
Танишув чоғида харидоргир, жаҳон бозорида талаб юқори бўлган экспортбоп маҳсулотларни кўпайтириш ва уни тарқатиш географиясини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди..

 

М.Элмуродов, Ғ.Ҳасанов, ЎзА