Муборак сафар бошланди

Биринчи кун

24 июль куни эрта тонгдан Тошкент халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига учган ўзбекистонлик зиёратчилар маҳаллий вақт билан соат 11.45 да Мадина шаҳрига етиб келди.

Мадиналиклар ўз удумларига кўра, бўлғуси ҳожиларни турфа ширинлик, сават тўла хурмо тутган ҳолда қарши олди, устларига мушк-анбар сепиб, бошлари узра анвойи гуллар сочиб кутиб олди.

Махсус гуруҳ ҳар бир юртдошимизга мобиль алоқа учун сим-карта туҳфа қилди. Бу Ҳаж мавсумида хизмат кўрсатиш дастурининг бир қисми бўлиб, Саудия Арабистони томонидан жами бир миллионта интернетдан фойдаланиш имконини берадиган сим-карта бепул тарқатилиши кўзда тутилган.

– Аэропортда чоғимиздаёқ фарзандларимиз билан телефон орқали суҳбатлашдик. Парвоз кўнгилдагидек ўтгани, бизни иззат-икром билан кутиб олишгани ҳақида тўлқинланиб гапириб бердим, – дейди тошкентлик отахон Суюндик Мустафоев.

photo5318767549975997228.jpg

Зиёратчиларнинг юкларини қабул қилиб олиш, ташиш, меҳмонхоналарга етказиш каби бир қарашда оддий туюладиган, аммо вақтни ўғирлайдиган ишлар хизмат кўрсатувчи ширкат томонидан бажарилмоқда. Юртдошларимиз ҳеч нарсанинг ташвишини қилмай, замонавий автобусларда меҳмонхона томон йўл олди.

– Бу йил Мадина шаҳридаги беш юлдузли “Пуллман замзам” меҳмонхонаси хизматидан фойдаланамиз, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов. – Президентимиз ташаббуси билан ҳожиларга юксак даражада шарт-шароит яратиб бериш мақсадида қилинаётган ишлардан бири шу. Алоҳида эътибор туфайли юртимиз ҳожилари тартиб, одоб жиҳатидан, арконларни бажариш бўйича кўпчиликка ибрат бўлиб, Ўзбекистонни дунёдаги юқори ўринни эгаллаб келаётган мамлакатлар қаторига чиқаряпти. Кейинги пайтда Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг яхши тақдимномаларига эришиб келинаётгани бунинг тасдиғи бўла олади. Бу йил ҳам Ҳажни мукаммал адо этиб, биринчилар қаторида эътироф этиламиз, деган умиддамиз.

Сал ўтмай Тошкент – Мадина йўналишида амалга оширилган иккита, Фарғона – Мадина йўналиши бўйича битта парвоз орқали мунаввар шаҳарга келган 700 нафардан зиёд юртдошимиз “Пуллман замзам” меҳмонхонасига жойлашди.

photo5318996720840977262.jpg

Бу жой бежиз танлангани йўқ. У нафақат замонавий хизматлари, балки қулай жойлашувига кўра, шаҳардаги энг машҳур маскан саналади. Меҳмонхона билан муқаддас “Масжид ун-Набавий” орасидаги масофа атиги 50 метр бўлиб, деразадан Пайғамбаримизнинг (с.а.в) равзаси кафтдагидек кўзга ташланиб туради.

– Нисбатан иссиқ келган бу йилги мавсумда ташкилий ишларнинг юқори даражада экани кўнглимизни кўтаряпти. Ҳаж амалларини мукаммал бажаришга руҳлантираяпти, – дейди тошкентлик зиёратчи Вазира Иноғомова.

Зиёратчилар ибодатнинг биринчи куни беш вақт намозни “Масжид ун-Набавий”да адо этиб, Пайғамбаримиз (с.а.в), саҳобалар ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ва ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг қабрларини зиёрат қилди.

Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг Мадина шаҳрига келиши давом этмоқда.

Иккинчи кун

Мадина – дунё мусулмонлари талпиниб келадиган энг қутлуғ ва табаррук маскан. Айниқса, 2019 йилги Ҳаж мавсумида зиёратчилар сони кескин ортмоқда. Хусусан, Ўзбекистондан кунига ўртача 700 киши келяпти.

Ҳар бир гуруҳга бириктирилган элликбошилар зиёратчиларнинг энг яқин кўмакчисига айланган.

Саломатлик масаласи Ишчи гуруҳи таркибидаги шифокорларнинг доимий назоратида. Барча юртдошларимиз чуқур тиббий кўрикдан ўтказилган, касалликларга қарши эмланган.

Шу кунларда “Масжид ун-Набавий” кечаю кундуз намозхонлар билан тўла.

– Бу бежиз эмас, – дейди элликбоши Меърожиддин Ҳайдаров. – Расулуллоҳнинг (с.а.в.) муборак масжиди зиёратининг фазли ҳақида кўплаб ҳадислар келтирилган. Уларнинг бирида, жумладан, бундай дейилади: “Менинг масжидимдаги бир намоз бундан бошқасидаги мингта намоздан яхшидур, фақат “Масжид ул-Ҳаром”гина бундан мустасно”.

Шу боис ҳам юртдошларимиз ҳар бир дамни ғанимат билиб, вақтларини “Масжид ун-Набавий”да ўтказишга интилмоқда.

Дарҳақиқат, 700 минг кишига мўлжалланган бу масжидга одамлар сиғмай кетаяпти. Тепа қисмлари ҳам ибодатчилар билан тўлиб-тошган.

Ўзбекистонлик зиёратчилар Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) энг севимли масканларидан бири бўлган Уҳуд тоғида ҳам бўлди.

Саҳиҳ ҳадисларда келтирилишича, Расулуллоҳ “биз Уҳудни яхши кўрамиз, Уҳуд бизни яхши кўради”, дея марҳамат қилган экан. Тоғ 7 километрга чўзилиб кетган бўлиб, баланд нуқтаси денгиз сатҳидан 2 минг метргача етади. У мушриклар билан бўлган Бадр жанги орқали тарихда қолган.

Зиёратчилар тоғ этагида мангу қўним топган Пайғамбаримизнинг амакиси ҳазрати Ҳамза ибн Абдулмутталиб қабрини зиёрат қилди. Бадр жангида ҳалок бўлганлар руҳига атаб Қуръон тиловат қилинди.

Зиёратчилар ислом тарихида қурилган биринчи масжид – Қубога йўл олди. Бу ерда икки ракат нафл намози ўқилди. Диний уломаларнинг таъкидлашича, кимки Қубога келиб, нафл намозини ўқиса, Умранинг савобига тенг савоб олар экан.

Ҳаж ибодатининг Мадинадан бошланишида ҳам ҳикмат бор. Бу муборак манзил бир қанча табаррук зиёратгоҳларни ўз бағрига олган, кўплаб оятлар айнан шу ерда нозил бўлган. Шу боис у нафақат ислом оламининг маркази, балки Пайғамбар нури билан мунаввар бўлган шаҳар, ваҳий манзили сифатида алоҳида қадрланади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита
матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди

 

ЎзА