Вазирликлар фаолиятида камчиликлар ҳам бор

Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг жорий йил биринчи ярим йиллигида амалга оширилиши белгиланган мақсадли вазифалари ижроси бўйича ҳисоботи эшитилди.
Ташқи ишлар вазирлиги томонидан мамлакатимиз ташқи сиёсатини рўёбга чиқариш, хорижий мамлакатлар билан муносабатларда, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотларда Ўзбекистоннинг давлат манфаатларини ва унинг фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида изчил фаолият олиб борилмоқда. Бунда вазирликлар, идоралар, муассасаларнинг халқаро алоқаларни ривожлантириш бўйича ишини мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, 2019 йилда Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига 24 та мақсадли вазифа юклатилган бўлиб, уларнинг 21 тасини бажариш муддати 2019 йилнинг январь-июнь ойлари этиб белгиланган эди. Бу борада вазирлик томонидан муайян ишлар амалга оширилган. Жумладан, йил бошидан буён хорижга 6 та олий даражадаги расмий ташриф, Ўзбекистонга эса хорижий давлатлар ва халқаро тузилмалар раҳбарларининг 4 та ташрифи ташкил этилди.
Жорий йилнинг бошида Самарқанд шаҳрида Афғонистон иштирокидаги “Ҳиндистон – Марказий Осиё” форматида ташқи ишлар вазирлари даражасидаги биринчи учрашув ўтказилгани ва тадбир якуни бўйича Қўшма баёнот қабул қилингани республикамиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамият касб этди. 5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида Маданият вазирлиги томонидан Халқаро бахшичилик санъати фестивали муваффақиятли ўтказилишида Ташқи ишлар вазирлигининг ҳам салмоқли ҳиссаси бор.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан асос солинган БМТ шафелигидаги Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фондига хорижий ҳамкорларнинг маблағларини жалб қилиш бўйича мақсадли ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, қўмита томонидан ўтказилган ўрганиш мобайнида Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятида муайян камчиликларга йўл қўйилгани ҳам аниқланди.
Жумладан, иқтисодий дипломатияни кучайтириш бўйича вазифа доирасида белгиланган Ўзбекистоннинг миллий маҳсулот ва хизматларини жаҳон бозорларига олиб чиқиш ҳамда мамлакатга сайёҳлар оқимини оширишда лозим даражадаги самарадорликка ҳали эришилмаган.
Бундан ташқари, вазирликнинг халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлигини жадаллаштириш, хусусан, фан ва таълим соҳаларида ЮНЕСКО, МДҲ, ШҲТ каби тузилмалар билан ўтказиладиган тадбирлар кўламини кенгайтириш лозимлиги қайд этилди.
* * *
Шу куни Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ярим йиллик фаолияти ва келгусидаги режалари бўйича ҳисоботи ҳам эшитилди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан чет эл инвестициясини жалб қилиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш, халқаро иқтисодий ва молия институтлари, хорижий молия ташкилотлари билан икки томонлама ва кўп томонлама форматда ўзаро самарали ҳамкорлик олиб бориш каби йўналишларда муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Бунда давлат органлари, ташкилотлари, Ўзбекистоннинг халқаро ва чет эл молия, иқтисодий институтларидаги доимий вакиллари фаолиятини мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мажлисда қайд этилганидек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги халқаро ишбилармонлик доираларида истиқболли инвестиция лойиҳалари тақдимотларини мунтазам равишда ўтказмоқда. Хусусан, жорий йилнинг январь-июнь ойларида амалга оширилган ишлар натижасида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг энг талабгор йўналишларида 5,3 миллиард доллар миқдорида инвестициялар ўзлаштирилди.
2019 йилда вазирлик зиммасига 41 мақсадли вазифа юклатилган бўлиб, шундан 9 топшириқни бажариш муддати 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигига белгиланган.
2019 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида баҳолаш асосий мезонларидаги ижро этилиши лозим бўлган 9 топшириқнинг 4 таси бажарилмаган. Жумладан, вазирлик томонидан 140 йирик ишлаб чиқариш объектини ишга тушириш юзасидан инвестиция лойиҳаларининг “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш белгиланган бўлса-да, ҳозирги кунда бор йўғи 40 лойиҳа ишга туширилгани аниқланди.
Шунингдек, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо мамлакатлар кредит таваккалчилигини таснифлашда Ўзбекистоннинг позициясини тарғиб қилиш бўйича хориж тажрибасини ўрганиш, мамлакатимизнинг мазкур нуфузли халқаро тузилма рейтингидаги ўрнини ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини тайёрлаш ва уни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш борасидаги ишларда сусткашлик кузатилмоқда.
Сенаторлар томонидан тавсиялар ва таклифлар билдирилди ва мажлис якунида қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА