Бугун, 25 июль куни Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 2019-2020 ўқув йили учун алоҳида иқтидор талаб қилинадиган таълим йўналишлари – тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси, мусиқий таълим ва жисмоний маданият бакалавр йўналишларига касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди.

Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси (кундузги) таълим йўналишининг қорақалпоқ ва ўзбек гуруҳлари учун рангтасвир ва қаламтасвир, мусиқий таълим (кундузги) йўналишининг қорақалпоқ гуруҳи учун чолғу ижрочилиги, ҳонандалик маҳорати ва мусиқа назарияси, шунингдек, жисмоний маданият (кундузги) таълим йўналишининг қорақалпоқ, ўзбек ва рус гуруҳларига волейбол ва баскетбол бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар давом этмоқда.

Имтиҳонларнинг адолатли ўтиши ва баҳоланиши учун ҳамкорликдаги олий таълим муассасаларидан мутахассислар, ота-оналар вакилларининг иштироки таъминланди.

Шунингдек, имтиҳон топшираётган ҳар бир абитуриентнинг иқтидорига бевосита гувоҳ бўлиш, имтиҳонларнинг шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида ота-оналар учун кутиш жойлари ташкил этилиб, имтиҳон жараёнини экран орқали кузатиб бориш учун шароитлар яратилди.

Маълумот учун, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 2019-2020 ўқув йили учун алоҳида иқтидор талаб қилинадиган таълим йўналишлари – тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси, мусиқий таълим ва жисмоний маданият бакалавр йўналишларига касбий (ижодий) имтиҳонлар шу йилнинг 25 июль ва 5 август кунлари ўртасида тасдиқланган жадвал асосида ўтказилади.

 

Ислам Матеков,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.