Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазирининг ўринбосари, Президент ишлари бўйича вазир шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлат ва ҳукумат раҳбарлари Шавкат Мирзиёевни таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мамлакатда тарихий янгиланишлар кечаётган бугунги муҳим даврда бахт-саодат ва улкан зафарлар, кўп миллатли Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тиладилар.

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан суҳбатда икки томонлама муносабатларга доир ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон – Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларида юксак даражага эришилгани чуқур мамнуният билан қайд этилди. Кейинги йилларда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли икки томонлама алоқалар аниқ мазмун билан бойигани таъкидланди.

Товар айирбошлаш ҳажми изчил ортмоқда, Россиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида мамлакатимиз иқтисодиётининг турли тармоқларида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳудудларнинг бевосита ҳамкорлиги фаоллашди. Таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги алмашувлар бўйича шериклик ғоят юксак даражага кўтарилди.

Давлат раҳбарлари мамлакатларимиз халқларининг фаровонлиги йўлида, бутун Марказий Осиё барқарорлиги ва тараққиётини таъминлаш мақсадида кенг кўламли шерикликни янада ривожлантириш борасидаги интилишлари қатъий эканини тасдиқладилар.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовбилан мулоқот чоғида Ўзбекистон – Туркманистон муносабатларининг истиқболи, шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатга доир долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Давлат раҳбарлари қардош мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик изчил мустаҳкамланиб, кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари, аввало, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда кенгайиб бораётганини чуқур мамнуният билан қайд этдилар.

Шунингдек, Президентимиз Туркманистон раҳбарига жорий йил август ойининг бошида «Аваза» миллий туризм зонасида бўлиб ўтадиган биринчи Каспий иқтисодий форумини ўтказишда муваффақият тилади.

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевга кўп қиррали Ўзбекистон – Қозоғистон ҳамкорлигининг ривожланиши ва мустаҳкамланишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасида савдо ҳажми бир неча карра ортди, устувор йўналишларда истиқболли кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда, транспорт коммуникациялари ва транзит соҳасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда. Ишбилармонлик алоқалари ва ҳудудлараро алмашувлар фаоллашди.

Олий даражада эришилган келишувларни, жумладан, Ўзбекистон ва Қозоғистон Бош вазирлари раислигидаги қўшма Ҳукуматлараро комиссия фаолияти доирасида амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмонбилан мулоқотда ўзаро ҳамоҳанг сиёсий ирода ва фаол саъй-ҳаракатлар икки томонлама дўстлик, яхши қўшнилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилгани алоҳида қайд этилди.

Бугунги кунда икки томонлама манфаатли Ўзбекистон –Тожикистон ҳамкорлиги юксак даражага кўтарилиб, барча соҳа ва йўналишларни қамраб олган.

Давлат раҳбарлари ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперацияни кенгайтириш, фаол гуманитар алмашувларни, жумладан, чегарадош ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.

Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевбилан Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Шу муносабат билан ўтган ҳафта икки мамлакат ҳукумат делегациялари иштирокида «Бейнеу – Акжигит – Ўзбекистон чегараси» автомобиль йўлининг очилгани мамнуният билан қайд этилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида биргаликдаги маданий-гуманитар тадбирларни муваффақиятли ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ваҚирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков мулоқот чоғида Ўзбекистон – Қирғизистон стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар.

Турли даражадаги алоқалар фаоллашгани, товар айирбошлаш ҳажми ортаётгани, гуманитар алмашувлар жадаллашгани алоҳида таъкидланди.

Мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшнилик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни, жумладан, ҳукуматлараро комиссиялар доирасида давом эттиришга келишиб олинди.

Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғандавлатимиз раҳбарининг мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни бугунги юксак даражага кўтаришга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида қайд этди.

Икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Ҳукуматлараро комиссиянинг куни кеча Анқара шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилиши ва Ўзбекистон – Туркия бизнес-форуми самарали бўлгани катта мамнуният билан таъкидланди.

Турли йўналишларда, аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий, инновацион ва маданий-гуманитар соҳаларда эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни кенг кўламда амалга ошириш борасида томонларнинг интилиши қатъий экани қайд этилди.

Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазирининг ўринбосари, Президент ишлари бўйича вазир шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён БАА Президенти шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаён, Абу-Даби Амирлиги валиаҳди, БАА Қуролли Кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён ва БАА Вице-президенти, Бош вазири, Дубай Амирлиги ҳокими шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактумнинг самимий табриклари ва эзгу тилакларини етказди.

Суҳбатда жорий йил март ойида БААга амалга оширилган олий даражадаги ташриф якунлари юксак баҳоланди.

Молия ва инновациялар соҳаларида, энергетика, нефть-газ ва кимё саноатида, транспорт, туризм ва ишбилармонлик инфратузилмасини модернизация қилиш, соғлиқни сақлаш ва бошқа йўналишларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари БАА етакчи компания ва ташкилотларининг илғор тажрибаси ва илмий ютуқлар фойдаланган ҳолда ўзаро манфаатли ҳамкорликка доир қўшма дастур ва лойиҳаларни фаол илгари суриш муҳим эканини таъкидлади.

* * *

Таваллуд куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар, ҳукуматлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарларидан табрик мактублари келмоқда.

Қутловларда миллий тараққиётимизнинг янги босқичида аҳоли турмуш сифати ва даражасини тубдан юксалтириш, халқаро майдонда мамлакатимиз нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда давлатимиз раҳбарининг беқиёс роли қайд этилган, кўп миллатли Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаб, самимий истаклар изҳор этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Таваллуд кунингиз муносабати билан самимий табригимни қабул қилгайсиз.

Сиз юртдошларингиз орасида ва хорижда Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиёти учун улкан ишларни амалга ошираётган тажрибали ва узоқни кўра биладиган давлат арбоби сифатида ҳақли равишда юксак ҳурматга сазоворсиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга Сизнинг шахсан қўшган ҳиссангиз беқиёсдир.

Конструктив мулоқотимиз ва яқин ҳамкорликдаги фаолиятимизни давом эттириш менга мамнуният бағишлайди. Ишончим комил, Сизнинг Россияга бўлажак ташрифингиз қардош халқларимиз фаровонлиги йўлида барча соҳаларда икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Сизга, муҳтарам Шавкат Миромонович, чин дилдан мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақият тилайман.

Ҳурмат билан,

Владимир ПУТИН,

Россия Федерацияси Президенти

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Таваллуд кунингиз муносабати билан Сизга самимий табрикларим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этишга ижозат бергайсиз.

Кейинги йилларда Хитой билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларида ижобий ўсиш тенденцияси намоён бўлмоқда – сиёсий ўзаро ишонч муттасил мустаҳкамланмоқда, “Бир макон, бир йўл”ни биргаликда бунёд этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар кенгаймоқда, мамлакатларимиз ўртасидаги гуманитар алоқалар ҳамда минтақавий ва халқаро масалалардаги ўзаро ҳамкорлик фаоллашмоқда.

Шу йил апрель ойида Пекин шаҳрида “Бир макон, бир йўл” иккинчи халқаро ҳамкорлик форуми доирасида бўлиб ўтган самарали учрашувимиз икки томонлама муносабатларга янги суръат бағишлади. Мен Хитой – Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга катта эътибор бераман, ўртамиздаги қалин дўстликни ғоят қадрлайман, давлатларимиз ва халқларимиз манфаатлари йўлида кўп томонлама ҳамкорликнинг янги марраларига эришиш учун Сиз билан биргаликда бор саъй-ҳаракатни ишга солишга тайёрман.

Сизга мустаҳкам соғлик ва масъулиятли давлат лавозимидаги фаолиятингизда янги зафарлар тилайман.

Си ЦЗИНЬПИН,

Хитой Халқ Республикаси Раиси

Шунингдек, қуйидагилар ўз табрикларини йўллаган:

Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – ЭлбошиНурсултон Назарбоев;

Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев;

Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков;

Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон;

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов;

Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко;

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев;

Молдова Республикаси Президенти Игорь Додон;

Арманистон Республикаси Президенти Армен Саркисян;

Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин;

Индонезия Республикаси Президенти Жоко Видодо;

Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний;

Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко;

Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Дмитрий Медведев;

Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян;

МДҲ Ижроия қўмитаси Раиси – Ижрочи котиби Сeргeй Лeбeдeв.

Қутловлар келиши давом этмоқда.

 

ЎзА